Ислоҳотларни бошлаш ва ташаббус билдириш албатта муҳим, лекин уларни мантиқий ташкил қилиш, самарали якунига етказиш ундан ҳам муҳим жараён. Чунки қанча ислоҳотлар охирига етмасдан, ярим йўлда қолиб кетганини ҳам кўрганмиз.
Бундан ташқари барча соҳада бир пайтда кўплаб ислоҳотлар бошланса, уларни бир мантиқий чизиққа терадиган марказ ҳам жуда муҳим. Йўқса, ҳамма ўзича ислоҳот қилиб, ўнг қўл қилганни чап қўл билмасдан хаосга олиб келиши мумкин.
Шунга кўра, ислоҳотларнинг узвийлигини таъминлаш, ягона ёндашувларни шакллантириш мақсадида Президентнинг тегишли фармони билан Стратегик ривожланиш агентлиги негизида Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди.
Янги агентликнинг вазифалари нималардан иборат?
Стратегик ривожланиш агентлигининг асосий вазифалари қуйидагилар:
- маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш таклифларини ишлаб чиқиш, уларни ташкил этиш ва назорат қилиш;
- ислоҳотларни танқидий таҳлил қилган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш, расмиятчилик, сансалорлик ва коррупциявий ҳолатларга шароит яратувчи тизимли муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш чораларини кўриш;
- халқаро молия институтлари, чет эл ташкилотлари ва хорижий мутахассисларни ҳамда беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ишларини тизимли ташкил этиш;
- давлат иштирокидаги корхоналарни трансформасия қилиш, жумладан ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тузиш, бошқарув органлари таркибига мустақил аъзоларни киритишни мониторинг қилиш.
Шавкат Мирзиёевнинг шахсан раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгаши тузилди. Кенгашга бир қатор ваколатлар берилди.
Агентлик бош директори ва унинг ўринбосарлари Президент томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Янги агентлик нега керак?
Агентлик барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ягона ғоя ва стратегия остида бирлаштиради ҳамда уларни охиригача етказилишини назорат қилади. Шу билан бирга, янги идора хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида жамият ривожи ва халқ манфаатли учун зарур бўлган ислоҳотларни ишлаб чиқиш, мавжудларини экспертизадан ўтказиш билан шуғулланади.