Жидда шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонасида саудиялик йирик тадбиркорлардан бири Муҳаммад Синди билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Суҳбат давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулайликлар, республикадаги инвестицион ва туристик муҳитнинг жозибадорлиги ҳамда эркин иқтисодий ҳудудлар фаолияти ҳақида маълумот тақдим этилган.
Муҳаммад Синди Ўзбекистон президентининг Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифи ва ўтказилган юқори даражадаги учрашувлар ҳозирги кунда саудиялик бизнесмен-сармоядорларда Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада орттирганини таъкидлаган.
Хабарда айтилишича, у Ўзбекитонда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан шуғулланувчи компания очиш ниятида. 2022 йил октябрида Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштирмоқда.