Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби кийиниш хонасига видеокузатув камералари ўрнатилгани ва бундан ота-оналар норози экани ҳақидаги хабарлар тарқалди. ХТВ ҳолат юзасидан тушунтириш берди.
Унда айтилишича, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар халқ таълими ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатан мактаб маъмурияти ўқувчилар кийиниш хонасига видеокузатув камераси ўрнатгани аниқланган.
Гарчи бу этика ва ахлоқ қоидаларига зид бўлса-да, ушбу ҳолатни мактаб директори У.Рашидова кейинги пайтларда ўқувчилар ўртасида ўғирлик ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш, улар ўртасида тартиб-интизом ўрнатиш, назоратни кучайтириш ҳамда ўқувчилар ҳушёрлигини ошириш мақсадида Ота-оналар кузатув кенгаши таклифига кўра, камера ўрнатишга мажбур бўлгани билан изоҳлаган.
«Жумладан, ўқувчилар жисмоний тарбия дарси машғулотларига чиққан маҳалида бир неча маротаба мобил телефон, тақинчоқлар, пуллар йўқолган. Бу каби нохуш ҳолатлар бўйича бир неча маротаба ички ишлар идоралари вакиллари, ота-оналар иштирокида баённомалар тузилган. Бу камера орқали фақат юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолат сабабчиларини аниқлаш кўзда тутилган, холос. Унда камера тасвирга олган лавҳалар жамоатчиликка тақдим этилмаган, видеокузатув фақат директор хонасида ўрнатилган ‘пульт’ орқали амалга оширилган. Нафақат кийиниш хонасидаги, балки таълим муассасасидаги мавжуд 250 та видеокузатув камералари фақатгина мактаб директори назоратида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган», — дейилади ХТВ хабарида.
8 сентябрь куни мактаб маъмурияти томонидан кийиниш хонасидаги камера олиб ташланган.