Бугун, 9 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларни маҳаллалардаги хонадонларга ижарага қўйиш камайиб кетганини айтиб ўтди.
«Шаҳарда уйлар кенгайди, уйлар катталашди инсонларнинг бағри торайди. Аввал маҳаллалардаги ҳар бир хонадонда иккита-учта талаба яшарди. Индивидуал ҳаёт тарзига мослашиб кетдик. Қанча-қанча давлат ва жамоат арбоблари билан суҳбат қилсак, Тошкентда ижарада тургани, унинг арбоб бўлишига, олим бўлиб етишишида ўша ижарада турган хонадоннинг тарбияси асосий сабабчи бўлганини айтади. Лекин, минг афсус, бугун одамларнинг 20 хонали уйи бўлиши мумкин, уйи ҳувуллаб ётибди, у ерга 4 нафар талабани жойлаштиришни ўйлаб кўради. Кўпроқ қизларни ижарага қўямиз деб эълон беришади. Тўғри, қизлар озода яшайди, муаммоси кам. Лекин ўғил болаларни ҳам ижарага қўйиб, уларни тарбиялаш керак. Шу омиллар ҳам ётоқхоналарга босим ортишига сабаб бўлди», — деди олий таълим вазири.
Унинг қўшича қилишича, олий таълим муассасаси атрофида жойлашган маҳаллалардаги хонадонлар талабаларни ижарага жойлаштирса, маҳалла болалари учун стадионлар очиб қўйилади, қўшимча бепул тўгараклар йўлга қўйилади.
Аввалроқ матбуот анжуманида вазир журналистнинг талаба қизлар рўмол ўраши бўйича берган саволига жавоб бермаганди.