«Dori-Darmon» устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси танлаб олинди. Бу ҳақда Давлат авктивларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Танловда 8 та профессионал ташкилотлар, жумладан, консорсиум шаклидаги таклифлар қабул қилиниб, уларнинг молиявий таклифи, соҳадаги тажрибаси, малакаси ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ёндашувлари асосида сараланди.
Саралаш натижасида Portfolio Investments ва Gemstone Capital konsorsium компаниялари хусусийлаштириш бўйича консултант сифатида танлов ғолиби деб топилди.
Portfolio Investments ва Gemstone Capital konsorsium компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритаётган инвестисион компаниялар бўлиб, турли хизматлар, жумладан, брокерлик, активни бошқариш ва консалтинг хизматларини давлат органлари, корпорациялар ва молиявий институтларга кўрсатади.
Актив ҳақида маълумот
«Dori-Darmon» — Ўзбекистондаги ривожланаётган фармацевтика бозоридаги етакчи улгуржи ва чакана савдо компанияси ҳисобланади.
Жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, улар таркибига 7 та акциядорлик жамияти ва 14 та масъулияти чекланган жамият, жумладан, 17 та омборхона, 15 та таҳлил лабораторияси киради.
2021 йил якунига кўра, компания 402,1 млрд сўм соф тушум ва 32,6 млрд сўм соф фойда олган.
Аввалроқ «Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи»ни хусусийлаштириш жараёни давом этаётгани ҳақида хабар берилганди.