АҚШнинг Цинциннати шаҳрида ўтказилаётган теннис мусобақасининг саралаш ўйинларида баҳсли ҳолат юз берди.
WTA туркумига кирувчи мусобақа доирасидаги ўйинда россиялик теннисчилар Анастасия Потапова ва Анна Калинская ўзаро баҳсга киришган. Мазкур ўйиннинг танаффус вақтида трибунада Украина байроғини кўтариб олган аёл мусобақа ташкилотчилари томонидан аренадан чиқариб юборилган.
Insider маълумотларига кўра, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган, ҳозирда АҚШда яшовчи фуқаронинг трибунада Украина байроғини кўтариб олгани россиялик теннисчиларга ёқмаган.
Танаффус вақтида учрашув бош ҳаками томошабиннинг бу ҳаракати теннисчиларни провокация қилишга сабаб бўлишини айтиб, аёлдан трибунани тарк этишни сўраган.
WTA ва мусобақа ташкилотчилари ҳолатга изоҳ берган. Қайд этилишича, байроқнинг ўлчами трибунага олиб киришга рухсат этилган 18х18 дюмдан (46х46 сантиметр) катта бўлган. Шу боис ташкилотчилар томошабиндан байроқни олиб қўйишни сўраган.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, бу воқеанинг АҚШда юз бергани кўпчиликда савол уйғотяпти.
Изоҳ (0)