Бухоро вилоятининг Ромитан туманида Matiz ҳайдовчиси бўлган шифокор бетон тўсиққа урилиб, ЙТҲ қурбонига айланди дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, воқеа 2022 йилнинг 6 август куни тахминан соат 23:00 ларда А-380 халқаро аҳамиятга эга Бухоро—Газли автомобиль йўлида содир бўлган.
«Мен ҳар куни айнан шу Жўйзар маҳалласини кесиб ўтувчи Бухоро—Газли йўлидан юраман. Йўл халқаро аҳамиятга эга, аммо, таъмирлаш ишлари боис, йўлнинг ярмигача бетон-тўсиқлар қўйилган. Қатнов оғир, жуда тор йўлдан ҳаракатланамиз. 5—7- километргача қўйилган бетон-тўсиқлар транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халал беради. Кеча кечки пайт шу йўлда йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Мен айнан воқеа жойида тўхтадим», — дейди воқеа ҳақида хабар берган ҳайдовчи.
Киракашнинг айтишича, воқеа жойига тўпланган ҳайдовчи ва йўловчилар тез тиббий ёрдам машинасига бир неча бор қўнғироқ қилган.
«Орадан 15—20 дақиқа ўтишига қарамай, тез тиббий ёрдам машинаси етиб келмади. Тез ёрдам машинаси жўнатувчи оператор тушунтиришларга қарамай, манзил қаерда эканини тополмай, вақт чўзилди. Тез ёрдам машинаси етиб келгунча эса мурданинег танаси совиб улгурган эди», — дейди у.
«Дарё» мухбири ҳолатга аниқлик киритиш учун вилоят ЙҲХБ масъули билан боғланган. Масъул эса бу бахтсиз ҳодисадан хабари йўқлигини билдирган.
«Марҳум ҳар куни шу йўлдан ҳаракатланган бўлса, йўлнинг таъмирланаётганидан хабардор бўлган бўлиши керак. Бетон тўсиқ қўйилгандан кейин 500 метрча масофа олдинда йўлсозлар томонидан огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилади. Ўрнатилмаса, бунинг жавобгарлиги бор. Ушбу йўл А-380 халқаро аҳамиятга эга бўлиб, ундан Туркия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон каби қатор давлатларнинг юк машиналари қатнайди. Кечки пайт йўлнинг таъмир қисми ёритилмаган бўлиши ва шунинг ҳисобига ҳайдовчи бунга аҳамият қаратмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин барча йўл белгилари нур қайтарувчи воситалар билан жиҳозланган бўлади», —деди вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурллаев.
Масъул ҳолат ҳақида қўшимча маълумотлар берилишини билдирди.