Сурхондарёнинг Бойсун туманида суғориладиган ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бойсун тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро Ғ.А. туманнинг «Хўжабулғон» маҳалласида жойлашган туман ҳокимлиги захирасидаги суғориладиган ер майдонининг 20 сотих қисмини ноқонуний эгаллаб, қурилиш ишларини амалга ошираётгани аниқланган.
Шу каби ҳолат Қашқадарёнинг Кўкдала туманида ҳам аниқланган. Ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Б.Х. «Б.М.» фермер хўжалигига қарашли 30 сотих суғориладиган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, қурилиш ишларини амалга ошираётгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 229-1-моддаси (ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)