АОКАда ўтказилган брифингда Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Ботир Усмоналиев суғурта қилиш классификаторлари миқдори оширилишини маълум қилди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, «Суғурта фаолияти классификатори»га қўшимча суғурта классларини қўшиш орқали кенгайтирилган. Бунда ҳаётни суғурта қилиш соҳасидаги мавжуд 4 та классга яна 3 та класс қўшилган. Булар:
- тартиб рақами бўйича V-класс — «Мажбуриятларни таъминлаш учун ҳаётни суғурталаш» (бунда суғурталанган шахс қарз муддати тугагунига қадар омон қолиш ёки бошқа мажбуриятни тўлиқ бажаришдан олдин вафот этган тақдирда, суғурталанган шахснинг наф олувчилари ва (ёки) суғурталанган шахснинг мажбуриятлари бўлган бошқа шахсга ушбу мажбурият доирасида суғурта мукофотлари қайтарилмаган ҳолда, суғурта суммаси тўлаб берилади);
- тартиб рақами бўйича VI-класс — «Узоқ муддатли ихтиёрий пенсия суғуртаси» (бунда суғурталанган шахс пенсия ёшига етганида суғурта шартномасида белгиланган ойлик рента ёки бир марталик тўлов шаклидаги суғурта суммалари суғурталанган шахсга тўлаб берилади);
- тартиб рақами бўйича VII-класс — «Капитални қайтариш билан ҳаётни суғурталаш» (бунда суғурта қилдирувчи қўйилган маблағларнинг қайтмаслик хавфида иштирок этиш шарти билан, тўланган суғурта мукофотлари ва суғурта тўловининг кафолатланган суммаси ва суғурта шартномасида белгиланган тўлов муддати доирасида инвестиция объектини аниқлаш ва жойлаштириш масаласини ҳал қилишда иштирок этиш билан ҳаётни суғурталаш турлари мажмуи тушунилади).
Изоҳ (0)