Ўзбекистонда 9 июль куни Қурбон ҳайити нишонланади. Аҳоли аллақачон қурбонлик учун ҳайвонлар сотиб олишни бошлаб юборган. «Дарё» мухбири Тошкент вилоятидаги кушхоналардан бирида бўлиб, қурбонлик учун қандай мол ва қўйлар сўйилаётгани ҳамда уларнинг нархи ҳақида репортаж тайёрлади.
Маълум бўлишича, қурбонлик учун сотилаётган моллар нархлари 18 миллион сўмдан 40 миллион сўмгача бўлмоқда. Чорва бўйича мутахассис Беҳзод Абдуллаевнинг айтишича, бу йил чорва ҳайвонларига бўлган талаб анча юқори.
«Моллар нархлари ҳар хил. Масалан, қурбонлик учун сўйиш мумкин бўлган кичикроқ ва гўшти камроқ моллар 18-20 миллион сўм атрофида сотилади. Ўртачалари 25-30 миллион сўм, катта буқалар 35-40 миллион сўмдан сотилмоқда. Бу ердаги молларнинг ҳаммаси ёшига тўлган.
Улар камида 6-8 ой боқилган. Барчаси қурбонликка сўйилишга тайёр. Эртага кушхонада 200 та мол сўйилади. Бу йил мол ва қўйларга бўлган талаб ўтган йилгидан анча юқори бўлмоқда. Чунки карантин эмас», — деди у.
Тадбиркор ва қассоб Ўлмас Туронов қўйлар нархлари ҳақида маълумот берди.
«Қўйларимиз нархи кичик-катталигига қараб белгиланяпти. Нархлар 1 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача. Сотувдаги қўйлар орасида 2 ойдан 4 ойгача боқилганлари бор.
Кунига 10-15 та қўй сотаётган эдик. Лекин эртага Қурбон ҳайити бўлгани учун кўпроқ сотилмоқда. Яъни кунига 50 тагача қўй сотиляпти. Агар харидор 10 та қўй сотиб олса, унга 1 та қўй бонусга, совға қилиб бериляпти. Ҳайитга, насиб бўлса, бир ўзим 30-50 та қўй сўяман. Кушхонада эса эртага (9 июль куни) жами 500 та сўйилади. Қўйлар Қашқадарёдан олиб келинган. Уларни хонадонда боқамиз. Бу ерда ўзимнинг 100 та қўйим бор», — деди қассоб.
Ўлмас Туроновнинг айтишича, оғирлиги 100 килодан юқори бўлган қўйлардан бири 1000 долларга сотилган ва уни сотиб олган одамга битта кичикроқ қўй совға қилинган.
Изоҳ (0)