Ғазода қарийб 2 йилдан бери давом этаётган уруш оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 62 мингдан ошди. Секторда Исроилнинг узлуксиз бомбардимони, очарчилик ва озиқ-овқат излаб чиққан тинч аҳолининг ўлдирилиши давом этмоқда. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Ғазода 18 август тонгидан буён сектор бўйлаб амалга оширилган ҳужумларда камида 30 киши, жумладан, гуманитар ёрдам олиш ниятида бўлган 14 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. “Ас-Сабра” маҳалласига қилинган зарбада журналист Ислом Ал-Коуми ҳам жон бергани тасдиқланган.
“Исроил Ғазо шаҳрида оғир артиллерия, қирувчи самолёт ва дронлардан фойдаланиб, қолган уй-жойларни ҳам вайрон қилмоқда. Бу тактика шаҳарларни харобаларга айлантириш ва кейинчалик ерусти ҳарбий амалиётларни осонлаштиришга қаратилган”, дейди Al Jazeera мухбири Тареқ Абу Аззоум.
Яҳудий давлати қолган оз сонли тиббиёт марказларини ҳам нишонга олмоқда. Кўплаб одамлар харобага айланган уйлар ёки вақтинчалик чодирларда яшашга мажбур бўлмоқда, баъзилар эса жанубга кўчиб ўтишга қурби етмаяпти. БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, Ғазодаги 5 ёшгача бўлган барча 320 минг бола кескин очарчилик хавфи остида. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги эса блокада туфайли камида 263 киши, жумладан, 112 бола очликдан ҳалок бўлганини маълум қилган.
БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) болалар 3 йил давомида мактабдан бебаҳра қолганини, уларнинг “йўқолган авлод”га айланиш хавфи борлигини таъкидламоқда. Amnesty International эса Исроилни “Фаластин жамиятининг соғлиги ва ижтимоий ҳаётини систематик равишда йўқ қилишда” айблаб, Ғазода очарчилик атайлаб қўлланилаётганини билдирган.
Шу билан бирга, “Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти ҳам ёрдам тарқатиш марказлари яқинида минглаб одамларнинг ўлими ёки яраланишларига гувоҳ бўлаётганини билдирган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, май ойидан буён ёрдам олиш учун тўпланган жойларда деярли 2 минг одам ҳалок бўлган.
Шу кунларда Қатар ва Миср воситачилигида 60 кунлик сулҳ таклифи илгари сурилмоқда. ҲАМАС манбалари эса 19 август уни маъқуллаганини билдирди. Келишувга кўра, Исроилда сақланаётган айрим фаластинликлар ҳамда Ғазода тутқунликда бўлган исроилликларнинг ярми озод қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)