IT Park Ўзбекистонга ишлаш учун кўчиб келган IT-мутахассис Владислав ҳақида ҳикояни тақдим этди.
Владислав 26 ёшда ва iTechArt’да дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси бўлиб ишлайди.
Бугунги кунда iTechArt’нинг АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Польша, Литва, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда офислари бор.
Владислав компанияга 2015 йилда университетнинг 2-курс талабаси бўлганида ишга кирган.
У дастурчи-техник сифатида иш бошлаган, диплом олгандан сўнг дастурий таъминот муҳандисига айланган. Эндиликда Владислав кичик дастурчилар гуруҳи раҳбари сифатида фаолият юритади.
Ўзбекистонга кўчиш
Владислав Ўзбекистонга эрта баҳорда кўчиб келган.
Мен бу ерга севган қизим билан кўчиб келдим. Ўзбекистонга кўчиб ўтиш энг осони эди, шунинг учун ушбу мамлакатни танладик, — дейди у.
У дастлаб бу ерда ҳаёт тарзи пастроқ бўлишидан қўрққан, чунки Марказий Осиё минтақаси ҳақида стереотиплар мавжуд.
Лекин ҳамма нарсани ўзимиз кўриб, бу ерга келганимиздан хурсанд бўлдик, — дея қўшимча қилди у.
Владислав барча керакли ҳужжатларни мустақил равишда тез суръатларда йиғган.
Ўзбекистоннинг IT соҳаси
IT соҳасини ривожлантириш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Владислав, биринчи навбатда, бу ерда ҳамма нарса рақамлаштирилганини таъкидлади.
Керакли операцияларни бажариш осон. Мисол учун, менга PayMe иловаси ёқди. У коммунал тўловларни тўлаш учун жуда қулай, ҳамма нарса бир жойда — тизим марказлаштирилган, — дейди у.
Шунингдек, у пойтахтда кўплаб таълим марказлари мавжудлиги ва мамлакатда инглиз тилини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлар
Владиславнинг тан олишича, Ўзбекистон у ва унинг севгилисига жуда ёққан.
Бизга табиат, ошхона ва одамлар ёқди. Ўзбек миллий ошхонаси ҳақида кўп гапириш мумкин: бу ерда овқатланиш учун яхши жойлар талайгина, — дейди Владислав.
Камчиликлардан фақат биттасини қайд этади: Тошкентда пиёдалар йўлакларининг камлиги. Аммо бу муаммо тез орада ҳал этилишига ишончи комил.
Ёқмайдиган нарсани санаб ўтиш осонроқ, чунки улар бармоқ билан санардек. Тошкент ривожланмоқда. Шаҳарда машина ҳайдаш услуби бизникидан фарқ қилишини пайқадим, лекин бахтсиз ҳодисалар кам, — дейди у.
Тошкентда Владислав ва унинг севгилиси кўплаб қизиқарли жойларда бўлган. Асосий сайёҳлик йўналишларидан ташқари, улар деярли барча боғларга, шунингдек, Япон ва ботаника боғларига ҳам борган.
Унга кўра, Magic City — шарқона муҳитдаги кичик Европа. Tashkent City’даги мусиқали фавворалар, лазер шоуси гўзаллиги ўзига мафтун этади.
Маҳаллий аҳоли ҳақидаги таассуротлар
Мамлакат аҳолиси ҳам Владиславда яхши таассурот қолдирган. У ўзбекларни ниҳоятда очиқкўнгил, меҳрибон, хайрихоҳ, меҳмондўст халқ деб таърифлайди.
Мамлакатда рус тили ривожланганидан ҳам мамнунман: олдингиздан ўтиб кетаётган бирор кишига мурожаат қилсангиз, у рус тилини билмаса ҳам, нима хоҳлаётганингизни тушунади ва ёрдам беришга ҳаракат қилади, — дейди у.
Владислав ва унинг севгилиси барча қариндошлари ва дўстларига Ўзбекистонга келишни тавсия қилади. Ҳозирча у бу ерда бир йил қолишни режалаштиришган.
Аввалроқ IT Park 22 ёшида ойига 1200 доллар ишлаб топадиган қашқадарёлик йигит ҳақида ҳикоя қилган эди.