Эстония Финляндия ва Швецияни Шимолий Атлантика иттифоқига қабул қилишни маъқуллади.
6 июль куни чақирилган Эстония парламентининг навбатдан ташқари йиғилишида 101 депутатдан 79 нафари Шимолий Атлантика шартномасининг Финляндия ва Швецияни иттифоққа қабул қилиш ҳақидаги баённомасини тасдиқлашни ёқлаб овоз берди, қарши ва бетараф овозлар бўлмади.Финляндия ва Швецияга таклиф билан НАТО «совуқ уруш тугаганидан бери еттинчи бор ўз эшикларини очди», деди мамлакат ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи, тадбиркорлик ва ахборот технологиялари вазири Андрес Сутт.
«Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши ва иккала давлатнинг НАТО сиёсий ва ҳарбий тузилмаларига муаммосиз интеграциялашуви Эстония манфаатларига мос келади. Сизни ишонтириб айтаманки, НАТО эшиклари кейинги давлатлар, хусусан, Украина учун очиқ қолади. Ҳеч бир учинчи давлат, айниқса, Россия НАТОга ким қўшилиб, ким қўшилмаслигини ҳал қила олмайди», дея қўшимча қилган Сутт.
5 июль куни Брюсселда НАТОга аъзо давлатларнинг доимий вакиллари Финляндия ва Швециянинг альянсга қўшилиш протоколларини имзолади. Эндиликда НАТОга аъзо давлатлар ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ протоколларни тасдиқлашлари керак.
Финляндия ва Швеция альянснинг барча аъзо давлатлари қўшилиш протоколларини ратификация қилгандан сўнг расман НАТО аъзоларига айланади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 5 июль куни протоколларни имзолашдан олдин айтганидек, бу жараён бир неча ой давом этиши мумкин.
Изоҳ (0)