Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Ўзбеккосмос» агентлиги ишчи гуруҳи Франциянинг Тулуза шаҳрига ташрифи доирасида Airbus Defence & Space компаниясининг космик ер усти инфратузилмаси, геоахборот маълумотларини қайта ишлаш маркази билан танишди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзбеккосмос»

Фото: «Ўзбеккосмос»

Ушбу марказ Airbus Defence & Space компаниясининг асосий маркази бўлиб, ерни масофадан зондлаш учун қўлланиладиган 6 та оптик ва 3 та радарли сунъий йўлдошдан иборат бўлган сунъий йўлдош туркумини бошқариш станциясидан иборат. Мазкур станция барча парвозларни бошқариш, сунъий йўлдош орбиталарини бошқариш ва суратга олиш бўйича вазифаларни белгилашнинг асосий нуқтасидир. Тақдимот чоғида бутун дунё бўйлаб ер усти станциялари кўп бўлишига қарамай, уларнинг барчаси қабул қилиш учун ишлаши ва фақат шу станция сунъий йўлдошларни бошқариш имкониятига эга эканлиги таъкидланган.

Кейинчалик ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошларидан маълумотларни қабул қилиш учун мўлжалланган ерусти станцияси кўрсатилган. Станциянинг диаметри 5,5 метр бўлиб, уни ташқи муҳит таъсиридан ҳимоя қилувчи ҳимоя гумбази мавжуд. Ерусти станцияси 2300 километргача ишлаш радиусига эга бўлиб, бу ўз навбатида антенна ишлаш радиусида учувчи бир нечта сунъий йўлдошлардан маълумотларни қабул қилиш имконини беради.

Шу билан бирга, Airbus Defence & Space’нинг шўъба корхонаси Airbus DS GEO Intelligence компанияси бош директори билан учрашув ўтказилган. Учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилган. Самарқанд вилоятида ГеоФерма лойиҳасининг амалдаги ҳолати ҳақида икки томон ҳисоботи тингланган. Кейинги ишлар режаси, шунингдек, лойиҳани республика миқёсида кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинган.

Агентлик Ўзбекистонда космик технологияларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, космик мониторинг доирасида ерни масофадан зондлаш маълумотларидан фойдаланиш ва давлат космик мониторинги дастурини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди ҳамда Airbus DS GEO Intelligence компанияси томонидан дастур доирасидаги лойиҳалар доирасида космик суратлар билан таъминлашга тайёрлиги билдирилган.

Франция томонининг таклифи асосида, дастлаб, виртуал станциядан фойдаланиш орқали ерусти станциясини жойлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилган. Лойиҳани амалга оширишнинг умумий муддати барча техник ҳужжатларни тасдиқлаш, ўрнатиш ва ишга тушириш, шунингдек, агентлик мутахассисларини ўқитиш муддатларини ҳисобга олган ҳолда камида 2 йилни ташкил этади. Агентлик қабул қилиш станциясини келгусида биргаликда ишлатиш имконияти орқали харажатларни тақсимлашни кўриб чиқишни таклиф қилган.

Шунингдек, амалдаги Airbus DS GEO Intelligence компанияси сунъий йўлдош туркуми доирасида Ўзбекистон манфаатлари учун Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошини яратиш имконияти муҳокама қилинган. Ушбу механизм компаниянинг Ўзбекистон ҳудудидаги барча туркумларига эксклюзив эгалик ҳуқуқини ва потенциал Ўзбекистон сунъий йўлдошидан Airbus DS GEO Intelligence компанияси орқали маълумотларни биргаликда сотиш имконини беради.

Аввалроқ Ўзбекистонда Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази ташкил этилиши тўғрисида хабар берилганди.

Маълумот учун, «Ўзбеккосмос» агентлиги президентнинг «Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида»ги фармони билан 2019 йилда ташкил этилган. «Ўзбеккосмос» агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар