Бали қирғоқлари яқинида 2 июль куни бортида 65 киши бўлган КМП Туну Пратама Жая номли паром чўкиб кетди. Бу ҳақда CNN Индонесиа хабар берди.

Паром Кетапанг—Банюванги—Гилиманук йўналишида ҳаракатланаётган бўлган. У сузиб чиққанидан тахминан 25 дақиқа ўтиб чўкиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, бортда 53 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган.
Бундан ташқари, паром 22 та автомобиль, жумладан, 14 та юк машинасини ҳам ташиётган эди. Воқеа жойига юборилган қутқарувчилар ҳозиргача 23 нафар йўловчини тирик ҳолда топишга муваффақ бўлган. Улар авария пайтида паромдан қутқарув қайиғи ёрдамида эвакуация қилинган.
23 киши қутқарилди, тўрт киши ҳалок бўлди, деган Ява оролидаги Банюванга шаҳри полицияси бошлиғи Рам Самтама Путра.
Паромнинг чўкиш сабаблари аниқлаштирилмоқда. Индонезия расмийлари ҳодиса бўйича тергов бошлаган. Мамлакатда ороллар ўртасидаги паром қатнови жуда кенг тарқалган бўлиб, бу транспорт тури ҳар йили миллионлаб одамлар томонидан ишлатилади.
Бироқ йиллар давомида хавфсизлик чораларининг етарли эмаслиги боис бундай ҳалокатлар бир неча марта содир бўлган. Мутасаддилар бедарак йўқолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. Қутқарувчиларга денгиз флоти, полиция, ва маҳаллий кўнгиллилар ёрдам бермоқда.
Изоҳ (0)