Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

1983 йилнинг 16 июнь куни, бундан роппа-роса 39 йил илгари Нью-Йоркдаги «Медисон Сквер Гарден»да Луис Ресто ва Билли Коллинз ўртасида жанг бўлиб ўтади. Коллинз жанг олдидан фаворит сифатида қайд этилганди, бу вақтга келиб, у бирорта ҳам мағлубиятга учрамаганди. Бироқ ирландиялик лақабини олган ёш жангчи кутилмаганда мағлубиятга учрайди: унинг пуэрто-риколик рақиби даҳшатли зарба бериш имкониятларини намойиш этган ҳолда 10 раунд якунларига кўра ишончли ғалабани қўлга киритади. Жанг тугагач, Ресто ҳурмат кўрсатиш учун рақиби ва ​​унинг мураббий-отасига яқинлашади. Катта-Коллинз Рестони енгилгина бағрига босар экан, тасодифан унинг қўлқопларига қўли билан тегиб кетади, кейин эса уларни яхшилаб ушлаб кўради ва баланд овозда қичқиради. Айнан шу тарзда бокс тарихидаги энг катта можаролардан бири бошланган.

Кичик-Билли Коллинз Америка жамоатчилигининг том маънодаги ёқимтойи эди. Эндигина 21 ёшга тўлганига қарамай ирландиялик жангчи аллақачон 14 та ғалабани қўлга киритган, улардан 11 таси эса нокаут билан якунланганди. Биллининг ёрқин ва тажовузкор жанг услуби унга илгари боксда ёрқин фаолият олиб борган отаси томонидан сингдирилганди. Луис Ресто кичик Коллинз учун фаолиятидаги навбатдаги соврин бўлиши керак эди. Пуэрто-Риколик 28 ёшли спортчи маҳоратли саналса-да, осмондан юлдуз олиб тушадиган даражада бўлмаган. 20-8-1 статистикаси билан у аста-секинлик билан тажрибали деган номни олишга тайёрланаётганди, шу билан бирга у мухлисларга унчалик ҳам яхши таниш бўлмаган.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Жанг аренадаги 25 минг томошабин кутганидан бутунлай бошқача сценарий остида кечди. Коллинз ҳақиқатан ҳам тезроқ ва енгилроқ ҳаракатланар ва кўп зарбалар берарди. Ресто моҳирлик билан ҳимоялана олмаса ҳам, ҳар холда ўзи томон учиб келаётган зарбаларга осонлик билан «туриб бера оларди». Ўз навбатида, секин ҳаракатланувчи Пуэрто-Рико вакили кучи ҳатто телевизор орқали ҳам сезиш мумкин бўлган даҳшатли зарбаларига таянди. Биринчи раунддан кейиноқ Коллинзнинг юзида жиддий гематомалар пайдо бўлди ва бу дақиқадан-дақиқага ўсиб бораверди. Ирландиялик ўжарлик билан олдинга боришда давом этди, тезкор серияларни амалга оширди, бироқ рақибининг кучли «пушка»си олдида шунчаки ожиз қоларди. Жангнинг охирига келиб, Коллинзнинг аҳволи аянчли даражага келиб қолади: кўзлари оқиб тушади, тинкаси қурийди ва тобора кўпроқ зарар кўраверади. Бироқ унинг мураббийлари таслим бўлиш ҳақида ўйламайди ҳам, шу тариқа жанг тўлиқ 10 раунд давом этади.

Гонгдан сўнг дарҳол Ресто қувонч билан мураббийи Карлос «Панама» Льюиснинг қучоғига отилади. Қучоқлашдан кейин Луис олижаноблик билан рақиби бурчагига ҳам боради ва уни бағрига босиб қўяди. Сўнгра катта Билли Коллинзга ҳам ҳурмат кўрсатади ва илиқ сўзлар айтиш билан бирга елкасига қоқиб қўйди. Мураббий жилмайиб жавоб қайтарар экан, уни ғолиб боксчининг қўлқопига тегиниб кетгани тўхтатиб қолади.

У Рестонинг қўлидан ушлаб, қўлқопни яхшилаб ушлаб кўради ва шундай деб бақира бошлайди: «Инспектор, инспектор. Бу қўлқопларда юмшатувчи восита йўқ. Жин урсин, бу лаънати қўлқопларда ҳеч қандай юмшатувчи йўқ. Ҳакамлар, буёққа қаранглар». Ресто ўзини олиб қочмоқчи бўлади, бироқ собиқ боксчининг чангали кучлилик қилади. Бир дақиқа олдин хурсандчиликдан порлаётган жангчи ночор аҳволда мураббийи томон қарайди, унинг юзида фақат қўрқувни кўриш мумкин эди.

Ресто ва унинг мураббийи сездирмайгина аренадан чиқиб кетмоқчи бўлади, бироқ инспекторлар уларнинг йўлини тўсиб қўяди. Панама Льюис қўлқопларни жанг ташкилотчилари берганини иддао қилган. Дастлабки текширув ҳайратланарли натижаларни беради: қўлқопдан деярли барча юмшатувчи ёстиқчалар олиб ташланган. Шунинг учун Рестонинг бунгача машҳур бўлмаган зарбалари Коллинзнинг юзини бир зумда бежаб қўйганди. 10 раунд давомида деярли яланг муштлари билан зарбалар олган ирландияликнинг кучидан ҳайратда қолиш керак. Жангдан бир неча йил ўтгач, яна бир тафсилот пайдо бўлади. Унга кўра Рестонинг бинтлари гипсли эритма билан намланган бўлган, бунинг натижасида мушт қаттиқлашиб, ҳақиқий «дубинка»га айланиб қолган.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Жанг натижаси бекор қилинади, шундан сўнг тергов ҳаракатлари бошланади. Полиция боксчи жамоаси фақатгина ғалаба учун эмас, балки нопок ниятлар учун ҳам бу ишга қўл урган деб гумон қилади. Кейинчалик маълум бўлишича, жиноят оламининг «жиддий одамлари» Рестонинг ғалабасини хоҳлаган. Улар «устунлик» ҳақида билиб, аутсайдер томонга пул тиккан ва том маънода туваги тилладан бўлиб кетишига ишонган. Ўз навбатида боксчи ва мураббий ҳам ўз улушини олиши кўзда тутилган. Суд қатъий ҳукм чиқарди: Луис Ресто айбдор деб топилди ва икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди. Панама Льюисга эса икки йил кўпроқ муддат берилди.

Ачинарлиси, мағлубиятга учраган боксчининг ҳикояси бундан-да фожиалироқ. Турли ҳисоб-китобларга кўра, кичик Билли Коллинз кўп сонли оғир зарбалар туфайли кўриш қобилиятини қисман йўқотган. Натижада, боксдаги фаолиятини зудлик билан якунлашига тўғри келган. Муваффақиятсизликлар фонида спортчи мунтазам равишда спиртли ичимликларни истеъмол қилиш билан бирга кучли депрессияни бошдан ўтказади. Жангдан тўққиз ой ўтмай, кичик Коллинз вафот этади. У бошқараётган автомобиль катта тезликда сув қувурига бориб урилади. Коллинзнинг оиласи у ўз жонига қасд қилган деган тахминни илгари сурган.

Коллинзлар оиласини олдинда яна кўп йиллар самарасиз суд жараёни кутиб турарди. Марҳум боксчининг отаси ўғлининг барбод бўлган тақдири учун компенсация олишга бел боғлайди. У дастлаб қўлқоп ишлаб чиқарувчи компания устидан судга мурожаат қилади, бироқ унинг рақиблари жиҳозлар боксчиларга топширилгандан сўнг қўлқоп тузилиши ўзгартирилганини таъкидлаган. Кейинчалик, мураббий жиноятга олиб келган эҳтиётсизликка йўл қўйган инспекторларга қарши курашади, у бу ерда пул ва жазолашни талаб қилади. Бироқ яна ҳеч нарса содир бўлмайди: инспекторнинг вазифаларини жуда ноаниқ ифодалаш ҳеч кимни жазолашга олиб келмайди. Оила бир доллар ҳам ололмайди.

Луис Ресто муддатини ўтагач, қамоқдан озод қилинади. Деярли 15 йил давомида спортга қайтиш учун қилинган ҳаракатлардан кейин лицензия олади ва секундант вазифаларини бажара бошлайди. Собиқ жангчи ёш авлод билан ишлайди ва мураббийлик даражасига ҳам кўтарилади. 2008 йилда у «Рингдаги ажал» ҳужжатли фильмини суратга олишда иштирок этишга рози бўлади. Пуэрто-риколик у ерда мураббийининг қатъий таклифи туфайли жуда катта алдовга борганини тасдиқлайди. У «айёр қўлқоплар» билан учта жанг ўтказгани ва қўшимча равишда кучли допинг истеъмол қилганини ҳам тан олади. Ресто марҳумнинг оиласидан самимий кечирим сўрайди ва Билли Коллинзнинг қабрини зиёрат қилади. 76 ёшли мураббий Панама Льюис бугунги кунгача ҳам тирик. У ўз айбини бутунлай рад этиб келади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар