Исроил ҳарбийлари 10 июнь куни эрталаб Сурия пойтахти жанубидаги нишонларга бир нечта ракета ҳужумларини уюштирди. Бу ҳақда Сурия давлат ахборот агентлиги САНА хабар берди.
Агентлик хабарига кўра, ракеталар Исроил оккупация қилган Голан тепаликлари ҳудудидан отилган. Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталарнинг кўп қисмини уриб туширган. Бир фуқаро яраланган. Зарбалар моддий зарар ҳам келтирган.
Қайд этилишича, зарбалар маҳаллий вақт билан соат 04:20 да берилган (Тошкент вақти билан 06:20).
Исроил матбуотига кўра, бу жорий ҳафтада Исроилнинг Сурияга иккинчи ҳужуми. Сурия давлат телевидениеси 6 июнь куни Исроилнинг Дамашқ жанубига берган зарбасига жавобан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари фаоллаштирилгани ҳақида хабар берган эди.
Исроил расмийлари ракета зарбалари ҳақидаги даъволарга ҳозирча изоҳ бермаган.
Изоҳ (0)