Европа Иттифоқининг ижроия органи бўлмиш Еврокомиссия Украинага ЕИга номзод мақомини беришни тавсия қилмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg манбаларга таяниб хабар берди.
Европа Иттифоқига кирувчи барча давлатлар вакилларини ўз ичига олган ЕИ комиссарлари коллегияси 17 июнь куни тавсияномани муҳокама қилиш ва қабул қилишни режалаштирмоқда.
Европа Комиссиясининг якуний хулосаси ЕИ мамлакатлари томонидан тасдиқланиши керак. Блок етакчилари бу масалани 23—24 июнь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитда муҳокама қилмоқчи.
ЕИнинг айрим давлатлари Украинага номзод мақомини беришни маъқулламаяпти. Bloomberg маълумотларига кўра, Дания ва Нидерландия бунга қарши, Германия эса Украинага шартли номзод мақомини беришни таклиф қилмоқда.
Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишинанинг айтишича, 9 июнь куни Евроиттифоқнинг еттита давлати ЕИга номзод мақомига қўшимча равишда «бошқа формат бўйича таклифлар киритган».
«Кўп турли хил таклифлар бўлди, лекин аслида учта асосий давлат борки, улар бугунги кунда Украинага яшил чироқ ёқишни истамаяпти», — деди Стефанишина ва бу давлатлар номини айтишдан бош тортди.
Украина президенти Владимир Зеленский февраль ойи охирида, уруш бошланганидан сўнг мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун расман ариза берган эди. Апрель ойида Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляен Киевга ташрифи чоғида Украина президентига ЕИга кириш учун тўлдириладиган анкетани топширган.
Изоҳ (0)