Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида газ қувурини юқори босимли тармоққа улаб бериш учун пул олган газ таъминоти корхонаси ходимлари ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида «Олтинкўлтумангаз» бўлими ходимлари М.А. ва Ж.М. фуқаро А.нинг ишончига кириб, унинг «Садда» МФЙ ҳудудидаги хонадонини юқори босимли ер усти газ тармоғига улаб бериш масаласини танишлари ёрдамида ҳал қилиб беришни ваъда қилгани аниқланган. Бунинг эвазига улар фуқародан 3,5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда савдо дўкони олиб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган Янгиобод бозори масъул ходими ушлангани, Бухорода транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи пора билан қўлга тушгани, Фарғонада қайнсинглисига ҳимоячи бўлишини илтимос қилган аёлдан 8 минг доллар олган сохта адвокат ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)