Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистонда қайси ёнилғи туридан кўпроқ фойдаланилаётганини маълум қилди.
2022 йил 1 январь ҳолатига кўра (техник кўрик натижалари бўйича), Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари орасида метан (сиқилган газ) ёнилғиси энг оммабоп ҳисобланади.
Жисмоний шахсларга тегишли умумий автомобиллар сонида метан газида ҳаракатланадиганлари улуши энг юқори, яъни 65 фоизни ташкил этади.
Кейинги ўринларни кетма-кетлиги бўйича бензин (24,4 фоиз), пропан (суюлтирилган газ, 8,4 фоиз) ҳамда дизель (2,2 фоиз) ёнилғилари банд этган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги хусусий АЁҚШларда қарийб 400 минг литр нефть маҳсулотлари ноқонуний фойдаланилгани ҳақида хабар берилган эди.
Жумладан, АЁҚШлар сиғимларида сақланаётган 2 миллион 408 минг литр нефть маҳсулотларидан намуналар олиниб, лаборатория шароитида таҳлил этилганида 230 минг литр (10 фоиз) маҳсулот сифатсиз эканлиги аниқланган.
Бундан ташқари, 150 минг литр камомад ва 13 минг литр ортиқчаликка йўл қўйилганлиги, 43 та ҳолатда истеъмолчилар ҳақидан ҳар 10 литрда 10 миллилитрдан 740 миллилитргача уриб қолинаётганлиги кузатилган.