Латвия Миллий электрон ОАВ Кенгаши ҳозиргача мамлакатда мавжуд бўлган 80 та Россия каналининг трансляциясини тақиқлаш ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда Delfi хабар берди.
Қарор 9 июндан кучга киради. Тақиқ остига тушган каналларнинг аксарияти кўнгилочар хусусиятга эга: Э ТВ, «Иллюзион +», «Кино24», «Мир ТВ», «Охота и рибалка», «Перец», «Русский Иллюзион» ва бошқалар.
Тақиқ 26 май куни Латвия Сейми томонидан ОАВ тўғрисидаги қонунга киритилган янги тузатишларга мувофиқ жорий этилди. Мазкур тузатишлар бошқа давлатларнинг суверенитетига таҳдид солувчи хорижий давлатларнинг дастурлари ишини чеклайди.
Шунингдек, Электрон ОАВ бўйича кенгаш Украинада уруш бошланганидан кейин Россиядаги ишини тўхтатган «Дожд» телеканалининг Латвиядаги фаолиятига рухсат берди. Бу дегани, келажакда телеканал Ригадан ҳам эфирга узатилади, деди кенгаш раиси Иварс Аболинш. «Дожд» 9 июнь куни Латвияда рўйхатдан ўтган каналлар рўйхатида пайдо бўлади.
Аввалроқ Қирғизистон ва Туркманистонда санкциялар туфайли Россия телеканаллари трансляцияси тўхтатилгани ҳақида хабар қилинганди.
Уруш бошланганидан кейин, шунингдек, Евроиттифоқ, Австралия ва бошқа мамлакатлар ҳам уларга қарши санкциялар киритди. АҚШда Биринчи канал, «Россия-1» ва НТВ санкцияга учради. Санкциялар туфайли сунъий йўлдошлар эгалари бир томонлама тартибда ушбу телеканаллар узатилишини ўчириб қўя бошлади.