Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилинади, деб ваъда берди.
«Ҳалок бўлганлар рўйхатига келсак, табиийки, у эълон қилинади, бутун жамиятимизга ошкор этилади. Террорчилик томонида ҳалок бўлганлар жуда кўп. Яъни ўз хатти-ҳаракатлари билан давлат тузумини қўпормоқчи бўлганлар. Аммо давлатимизга қарши уюштирилган бу ҳужумларга алоқаси бўлмаган одамлар ҳам бор», — деди Тўқаев 5 июнь куни Нурсултондаги сайлов участкасида журналистлар билан суҳбатда.
«Шу муносабат билан, биз албатта, ҳамдардмиз ва афсусдамиз. Тинч аҳолига қарши асоссиз ҳаракатларга жалб қилинган ҳарбий хизматчиларнинг барчаси, табиийки, жавобгарликка тортилади, суриштирув олиб борилмоқда, баллистик экспертизалар ўтказилмоқда. Шунинг учун ҳаммаси маълум бўлади», — дея таъкидлади президент.
Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистон январь воқеаларини очиқ-ошкора текширмоқда, халқаро экспертларни таклиф қилишга зарурат йўқ.
«Тергов ваколатли органлар томонидан пухта ва батафсил олиб борилмоқда. Ҳозир қўлимиз остида мавжуд бўлган материалларнинг барчаси бош прокуратура томонидан эълон қилиб борилмоқда, жамиятимизга нисбатан ёки жамиятимиз учун сир бўлган нарсалар йўқ», — деди Тўқаев.
Президент берган маълумотга кўра, январь воқеалари бўйича 5,5 мингта жиноят иши қўзғатилган, шуларнинг 500 таси судга юборилган.
«Шу нарсага эътиборни қаратмоқчиманки, бор-йўғи 23 киши ҳақиқий жазо муддатига ҳукм қилинди. Бу шундан далолат берадики, биз бу фожиали ҳолатни текширишга жуда пухталик билан ёндашяпмиз», — дея қайд этди давлат раҳбари.
У ҳамон бўлиб ўтган воқеаларни террорчилик ҳужуми деб ҳисоблашини айтди. «Давлатга қарши операциянинг ўзи аниқ режалаштирилган хусусиятга эга эди, уни яхши тайёрланган профессионаллар бошқарган», — қўшиб қўйди у.
Январь бошида мамлакат ғарбидаги Жанаозен шаҳрида бошланган тинч митинглар бутун мамлакат бўйлаб иқтисодий ва сиёсий талаблардан иборат оммавий норозиликларга айланиб кетди. Баъзи ҳудудларда маъмурий бинолар, милиция бўлинмалари, дўконларга ҳужумлар бошланди. Жиноий гуруҳлар хатти-ҳаракатларидан энг кўп Олмаота жабр кўрди.