Коронавируснинг янги, янада хавфлироқ, ҳозирги вакциналарга чидамли штамми пайдо бўлиши — ҳақиқатда мавжуд бўлган хавф. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Братиславада хавфсизлик бўйича анжуманда нутқ сўзлаётиб айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, ташкилотни баъзи минтақалардаги рақамларнинг ўсиши ташвишлантирмоқда. Африка ва Ғарбий Тинч океани минтақасида ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда. Америкада нафақат COVID-19 оқибатидаги ўлимлар, балки у билан касалланишлар ҳам ошмоқда.
Гебрейесус пандемия тугади дейишга ҳали эрта эканини айтди. «У тугагани йўқ», — дея таъкидлади ташкилот раҳбари.
Унинг қайд этишича, коронавирус қандай ривожланишини олдиндан айтиб бўлмайди, бироқ бир нарса аниқки, бўлғуси вариантлар ҳозиргиларидан устунроқ бўлади, бунинг учун эса улар янада юқумлироқ бўлиши керак. «Аммо улар қай даражада оғир бўлишини башорат қила олмаймиз», — дея қўшиб қўйди ЖССТ раҳбари.
Айни пайтда маймунчечак касаллигига чалиниш ҳолатлари тобора ошиб бормоқда. ЖССТ 5 июнь куни хабар беришича, ушбу касаллик одатда тарқаладиган мамлакатлардан ташқаридаги тасдиқланган ҳолатлар 780 тага етган.
Касалланганлар 27 та мамлакатда 13 майдан 2 июнгача бўлган давр ичида аниқланган. 207 та ҳолат Буюк Британкяда, 156 таси Испанияда, 138 таси Португалияда ва 57 таси Германияда қайд этилган.
Бир ҳафта аввалги кўрсаткич 257 тани ташкил қилганди.