АҚШ ва Жанубий Корея Япон денгизи томонга саккизта баллистик ракета учирди. Бу 5 июнь куни КХДРдан снарядлар учирилишига жавоб бўлди.
«Жанубий Корея ва Америка ракеталарининг биргаликда учирилиши провокация манбаларига ҳамда уларнинг қўмондонлик ва қўллаб-қувватлаш кучларига зудлик билан аниқ зарбалар бериш қобилияти ва тайёрлигини намойиш этди», — дейилади Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари баёнотида.
Жанубий Корея ҳарбийлари 5 июнь куни КХДР саккизта қисқа масофали баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берганди. Бу Шимолий Кореянинг 2022 йил бошидан бери 18 марта ракета учириши бўлди. Япония ҳарбийларига кўра, парвознинг максимал баландлиги 50 километрдан 100 километргача бўлган, снарядлар 300 километрдан 400 километргача учган.
Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида АҚШ президенти Жо Байденнинг Сеул ва Токиога ташрифи ҳамда Quad саммити (Австралия, АҚШ, Ҳиндистон ва Япония иштирокидаги хавфсизлик бўйича тўрт томонлама мулоқот)дан кейин КХДР Япон денгизига қарата учта ракета учирган эди. Япония буни Шимолий Корея томонидан очиқ-ойдин провокация деб атади.
Жанубий Корея ҳарбийлари КХДРнинг ушбу хатти-ҳаракатларига жавобан, «Хенму-2» баллистик ракеталарини учирди, АҚШ эса Япон денгизига қарата битта ATACMS снарядини учирди. Шу тариқа иттифоқчилар иттифоқ кучлари томонидан «зудлик билан зарба берилиши» имкониятларини кўз-кўз қилган.