Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятлари аҳолиси энди Россия мобил алоқаси ва интернетидан фойдаланмоқда, деб ёзади «РБК». Бу ҳақда Қрим раҳбарининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Олег Крючков маълум қилган.
30 май куни Херсон вилоятининг минтақа Россия назорати остига ўтганидан кейин таъсис этилган ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари Россия раҳбариятидан Украина томонидан «ўққа тутилиш» оқибатида минтақа уяли алоқа ва интернетсиз қолгач, «алоқани тиклаш учун Россия телекоммуникация компаниялари имкониятларидан фойдаланиш»ни сўраган эди.
Маслаҳатчининг сўзларига кўра, иккала вилоят аҳолиси ҳам энди алоқадан фойдаланиш учун Россия SIM-карталарини сотиб олиши мумкин.
Март ойи бошида Россия ҳарбийлари бутун Херсон вилояти ҳамда Запорожье вилоятининг катта қисми устидан тўлиқ назорат ўрнатилганини маълум қилганди.
Ҳар иккала вилоятда бивалюта зонаси амал қилмоқда: аҳоли ҳам гривна, ҳам рубль билан тўламоқда, бироқ кейинроқ фақат рублга ўтиш режалаштирилмоқда. Президент Владимир Путин иккита вилоят аҳолисига Россия фуқаролигини олишни соддалаштирувчи фармонни имзолади.
Изоҳ (0)