Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Бугунги кунга келиб UFC’ни ортиқча иккиланишларсиз энг оммабоп промоушен деб аташ мумкин. У ҳам томошабоблик борасида, ҳам даромадда бошқалардан анча илгарилаб кетган. Исталган MMA вакили борки, UFC билан шартнома имзолаш учун борини беришга тайёр. UFC октагонларига кўтарилиш спортчига даромаддан ташқари, яхшигина машҳурлик ҳам олиб келади. Ҳабиб Нурмагомедов, Конор Макгрегор, Дастин Порье, Тони Фергюсон каби номларни яккакураш спорт турларига қизиқмайдиган инсонлар ҳам умрида ҳеч бўлмаса бир марта эшитган. Промоушеннинг бугунги кундаги муваффақиятлари эса бевосита ташкилот президенти Дэйна Уайт номи билан боғлиқ. Қуйида Уайтнинг бу жойга қандай келиб қолгани ва муваффақият йўлида нималарни бошдан ўтказгани ҳақида сўз юритилади.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Кичик Дэйна Уайт Манчестерда туғилган, у ирланд миллатига мансуб. Унинг ота-онаси Дэйна ва Жун Уайт бир жойда қўним топишга жуда қийналган, шу боис улар тез-тез бир жойдан иккинчисига кўчиб юрган. Дэйна мактаб ёшига етганида катта Уайт оиладан кетади, шу тариқа Жун икки фарзанд — Уайт ва Келлини ёлғиз тарбиялашга мажбур бўлади. Оила Техас, Лас-Вегасдан ташқари, Левант ва Ҳермон каби кичик шаҳарларда ҳам яшайди. Уайт айнан уларнинг охиргисида ўрта мактабни тугатади ва 1987 йилда нуфузли Бостон коллежига ўқишга киради.

Талаба Дэйна ҳеч вақога ярамасди: дарсларни сабабсиз ўтказиб юбориш, тартибга бўйсунмаслик ва фанларга бепарво муносабатда бўлишда унга тенг келиб бўлмасди. Уни фақат бокс ва спорт акробатикаси қизиқтирарди. Иккинчи босқичга келиб, Уайт ўқишдан ҳайдалади ва унинг ҳаётида фақат спорт билан шуғулланиш ва бойиб кетишга бўлган кучли истак қолади.

«Одамлар мендан муваффақият ҳақида сўрашганда, уларга доимо уринишлар ҳақида гапираман. Ўзингизни турли соҳаларда синаб кўришингиз керак. Ҳар бир инсон қайсидир соҳада иқтидорга эга», — дейди Уайт.

Барда қўриқчилик қилиб, тирикчилик учун пул топишни бошлаган Дэйна болалар учун секция очади, унда бокс ва акробатика элементларини бирлаштирган ҳолда ўзининг машқлар дастурини ишлаб чиқади. Бу нарса машҳурликка эришади ва Dana White Enterprise спорт заллари тармоғининг очилишига ҳисса қўшади.

Аммо маҳаллий рекетирлар бундай муваффақиятни эътиборсиз қолдирмайди ва Дэйнадан катта миқдорда улуш талаб қилади. Мос равишда Дэйна буни рад этади, натижа 1990 йилда ҳужум билан якунланади. Уайт 15 дақиқа давомида калтакланади ва хиёбонга ташлаб кетилади. Тадбиркор кўплаб жароҳатлар билан касалхонага ётқизилади, энг кўп қулоқ соҳаси зарар кўради: шифокорлар унга Меньер касаллиги (ички қулоқ касаллиги) ташхисини қўяди. Дэйна операцияни бошдан кечиради, бироқ бу ёрдам бермайди, аксинча аҳволни янада оғирлаштиради. Иккинчи марта жарроҳлик  столига ётиш учун Уайт Германияга боради ва бунинг учун 10 минг доллар тўлайди.

Кейинчалик Дэйна солиқ билан боғлиқ муаммоларга дуч келади. Якунда айнан шу сабаб бизнесини ёпишга ва Лас-Вегасга кўчиб ўтишга мажбур бўлади.

«Жуда ёмон бўлганди. Лекин севимли гапим бор: фақатгина тобутдан чиқиб бўлмайди. Ҳаракат қилишда давом этдим. Ўз бизнесимни жанг санъати билан боғламоқчи эдим. Ўшанда промоутер бўлишга қарор қилгандим», — дея эслайди Уайт.

Дэйна боксчиларга менежерлик қилади, аммо келажак MMA’га тегишли эканлигига ишончи комил эди

Лас-Вегасда Дэйна спорт менежери бўлиш учун таҳсил олади ва тез орада бир қанча боксчилар билан шартнома имзолайди. Бунга параллел равишда Уайт жанг санъатининг ёш турларига эътибор қаратади, чунки у афсонавий промоутерлар Боб Арум, Дон Кинг ёки Дан Дува билан рақобатлашишнинг имкони йўқлигини яхши тушунарди. Бу даражага чиқиш учун (кўп) вақт, алоқалар ва пул талаб қилинарди. Ўшанда у аралаш жанг санъатига меҳр қўяди ва ҳатто жиу-житсу билан шуғулланишни бошлайди.

Янги танишлар унга ертўлаларда ўз жанг лигасини ташкил қилиш имконини беради. У ердаги жанглар қоидасиз, аммо яхши ташкил этилиши билан ажралиб турарди. Ишни яхши юрита олиш қобилияти жангчиларни жалб қилади, шу тариқа Дэйна менежерга айланиб кетади.

«Бизнесда ҳалоллик ва адолат ҳақидаги кераксиз найранглардан воз кечиш керак. Бундай фикрлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Баъзида ёмон ишлар ҳам қилдим. Пулнинг ҳиди бўлмайди. Ахлоқ — MMA ва бокс бизнесида энг охирги даражадаги сўз», — деб ҳисоблайди Уайт.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Унинг энг машҳур «лойиҳалари» Тито Ортис ва Чак Лидделл бўлиб, улар бир неча йиллардан буён UFC’да жанг қилиб келаётганди. Промоушеннинг бўлажак президенти ташкилот банкротлик арафасида эканлиги ва харидор қидираётганини билиб қолади. Лойиҳанинг номинал қиймати 2 миллион долларни ташкил этарди.

Уайт ўрта мактабдаги синфдоши Лоренцо Фертиттега мурожаат қилади ва мазкур бизнеснинг фойдасини тушунтириб беради.

«UFC — янги технология кабидир. Тушуняпсанми, бу ҳеч ким билмайдиган нарсага ўхшайди, лекин келажакни усиз тасаввур қилиб бўлмайди», — деган ўшанда Уайт.

2001 йилда Лоренцо ва акаси Франк махсус ташкил этилган Zuffa LLC компанияси орқали UFC’га эгалик қилиш ҳуқуқини сотиб олиб, Дэйнани президент этиб тайинлайди.

Уайт дарҳол промоушенни реклама қилиш билан шуғуллана бошлади. У ўз ғояларини муваффақиятли сотар ва бутун дунёдан жангчиларни ўзига жалб қиларди, медиа билан ҳам фаол ҳамкорлик олиб боради. Натижада миллиардер Дональд Трамп лойиҳага қизиқиб қолади ва бир қанча муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, масалан, жангларнинг каттароқ ареналарда ўтказиш борасидаги қийинчиликларда.

«У MMA’даги потенциални кўрди ва бу соҳага биринчи бўлиб сармоя киритди. У жангларни ўзига тегишли бўлган жойларда ўтказишни таклиф қилди. Кейинчалик уларни Атлантик-Ситидаги Trump Taj Mahal’да ўтказдик», — деб эслайди Уайт.

Тез орада UFC Spike TV билан шартнома имзолади, ТВ орқали биринчи кўрсатилган мусобақа UFC 33 бўлди.

2005 йилда Дэйна UFC билан бирлаштирилган The Ultimate Fighting’га (TUF) асос солади, бу ўз навбатида кўплаб жангчилар ва мухлислар эътиборини жалб қилади. Бир эпизод 20 миллион долларга тушади. 2006 йилда ташкилот Калифорниядаги WЕC промоушенини  ўзлаштириб олади, бир йилдан кейин эса Pride Fighting Championships’ни. Япония ташкилотининг кўплаб юлдузлари Уайт билан ҳамкорликни бошлайди, аммо уларнинг аксарияти UFC’нинг асосий рақобатчиси Strikeforce’ни афзал билади. Кейинчалик барибир Дэйнанинг сиёсати кучлироқ бўлиб чиқади, UFC 2011 йилда промоушенни шунчаки сотиб олади ва ўзига қўшиб олади.

Бугунги кунга келиб, Дэйна Уайт дунёдаги энг кучли лига раҳбари ҳисобланади, мисол тариқасида UFC’нинг 2019 йилдаги даромади 900 миллион долларни ташкил этган.

«Сиз MMA’да кураш, дзюдо ва боксдаги барча нарсаларни кўрасиз. Шундай экан, аралаш жанглар Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши керак. Бу спорт тури бутун дунёда бўлиши зарур ва буни, албатта, кўришни хоҳлайман. Балки буни қиладиган одам бўлмасман, лекин ҳеч бўлмаганда буни кўрадиган одам бўлишни истайман», — дейди Уайт спорт турининг келажаги ҳақида.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Изоҳ
Асосий янгиликлар