• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12910.15
    • RUB159.78
    • EUR14660.77
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +31°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Саломатлик

    Ёш ва жинс танламаса-да, ўзбекчиликка «тўғри келмайдиган» тутқаноқ. Жимгина кузатиш ўлимга сабаб бўладиган эпилепсия қандай касаллик ўзи? Унинг давоси борми?

    Ким, қачон ҳаётдан кўз юмишидан қатъи назар, армон ва афсуслар қолаверади. Кексалар хотиралари, катталар ҳал қилолмаган муаммо-ю ишлари, ёшлар ҳали олдинда бўлган ҳаёти билан хайрлашади. Болалар-чи? Ҳали бошланмаган, хаёл ва орзу қилиб ҳам улгурмаган мурғак қалблар, хайрлашиш, афсус нималигини билармиди? «Дарё» «Касаллик ҳукм эмас» лойиҳаси доирасида вақтида чора кўрилса, ижобий натижага эришиш мумкин бўлган, қўл силташ эса бегуноҳ болаларнинг ҳаёти бошланмасиданоқ якун топишига олиб келадиган эпилепсия касаллигига тўхталиб ўтади.

    Вилоятдан қидирилиб, пойтахтдан топилган нажот

    Иллюстрация: «Дарё»/ Дилзода Ҳамиджонова

    Иллюстрация: «Дарё»/ Дилзода Ҳамиджонова

    Исмини ошкор қилишни истамагани сабаб суҳбатдош аёл ва унинг фарзанди шартли ном билан аталди.

    Ҳар сафар қизининг оғзига дори солаётганида Дурдона опанинг юраги ачишади. Аччиқ ва ёқимсиз дорилар ичида яшаётган қизалоғи жажжи жуссасига шунча дардни қандай сиғдираётган экан-а? Шуларни ўйлаб ич-этини ейди. Унинг сув кетиб қолиши туфайли муддатидан аввал (8 ой-у 34 ҳафталигида) туғилган жигарбанди, эпилепсиянинг оғир даражаси — Вест синдромидан азият чекади.

    Эпилепсия дунёда энг кўп тарқалган неврологик касаллик ҳисобланади. Халқ орасида тутқаноқ сифатида маълум бўлган ушбу касаллик бош мия пўстлоғидаги нейронларнинг патологик пароксизмал фаолияти билан изоҳланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, Ер юзидаги деярли 50 миллион киши мазкур сурункали ноинфекцион касалликдан азият чекади. Йилига 5 миллионга яқин одамда у билан боғлиқ янги ҳолат аниқланади.

    Дурдона опа ушбу ташхисни шундоқ, осонгина билиб қолмаган. Шифохонама-шифохона сарсон юрган, жавобсиз саволлар билан қайтган вақтлари кўп бўлган. Оғир аҳволда туғилган чақалоқ жудаям кўп дори-дармонлар қабул қилгани боис икки ой давомида тинимсиз ухлаган. Вақт ўтгач уйқусида чинқириб йиғлаш одати пайдо бўлган. Бунга эрта туғилганини сабаб қилиб кўрсатган шифокорлар ташхис борасида жўяли гап айтмаган. Бу вақтда эса онага на дориларнинг, на йиғининг охири бордек туюларди.

    «4-5 ойлик бўлганида атрофдаги нарсалар, ўйинчоқ тугул бизга ҳам эътибор қилмай қўйди. Тиббиёт ходимлари чала туғилгани учун ичаклари яхши ривожланмагани, шунга ҳазм тизимида муаммо борлигини айтди. Лекин парҳезга қатъий риоя қилганим учун боламни қорни безовта қилмаётганига ишончим комил эди», — дейди Дурдона Солиева.

    Йиғи вақти кўзларини пирпирата бошлаган Саида кейинроқ атрофга умуман қарамай қўйган. Аксига олиб офтальмологлар ҳам бирор нима деёлмаган. Шу тариқа аёлнинг Қашқадарёда учрамаган мутахассиси қолмаган. Қизи Саидага ва ниҳоят 2021 йил ноябрда, Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказида ташхис қўйилган. Кўрикдан ўтган олти ойлик қизалоқда эпилепсия борлиги аниқланган.

    Дунёда аҳвол жиддий, Ўзбекистонда эса мавҳум

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    «Ватан» тиббиёт марказининг шифокори, невропатолог Бобир Алимовнинг айтишича, спазм, гипсаретмия, баъзида эса психологик ўзгариш билан намоён бўладиган Вест синдроми кўпинча 12 ёшлардаги болаларда учраб, ундан дунёдаги 4000-6000 боладан биттаси азият чекади.

    ЖССТ маълумотларида қайд қилинишича, эпилепсиядан азият чекадиганларнинг 80 фоизга яқини даромад даражаси ўрта ва паст бўлган мамлакатларда истиқомат қилади. Қолаверса, даромад даражаси паст бўлган мамлакатлардаги эпилепсияли беморларнинг тўртдан уч қисми кераклича даволанмайди.

    Буюк Британияда ҳар 103 кишидан биттасида эпилепсия учрайди, ҳафта давомида 600, бир кунда 87 нафар одамга шундай ташхис қўйилади. Диагностика, статистика йўлга қўйилган шундай ривожланган мамлакатда ҳар ҳафтада эпилепсия билан боғлиқ ўлим қайд қилинади.

    АҚШда ушбу касаллик бегона бўлмаган аҳоли эса 1 фоиздан кўпроқни ташкил қилади. Канадада бўлса ҳар 2000 одамдан биттасига мазкур ташхис қўйилган, яъни кунига ўртача 38 та, йилига бўлса 14 минг одам унда эпилепсия борлигидан хабар топади. Россияда ҳар 100 минг кишидан 243 нафари ушбу касаллик билан курашади. Қозоғистонда 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 76 678 нафар одамда мазкур касаллик борлиги қайд этилган.

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    Касаллик ва унинг оқибатлари жиддий экани сабаб ҳам Халқаро эпилепсия бюроси 1961 йилдан, Халқаро эпилепсияга қарши курашиш лигаси 1901 йилдан, Эпилепсия фонди эса 1968 йилдан бери фаолият юритиб келади. Хўш, Ўзбекистонда-чи, эпилепсия билан боғлиқ аҳвол қандай?

    Буни билиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига қилган мурожаатимиз (телефон, Telegram орқали мулоқот қилишга уриниш ва расмий хат юбориш назарда тутиляпти) бу сафар ҳам жавобсиз қолди. Худди Даун синдроми статистикасини олишга уринганимиз сингари. Қабул қилингани тасдиқлаб ёзиб қолдирилган рақамга қўнғироқ қилиб, бундан қарийб бир ой аввал (27 апрелда юборилган) юборган хат ҳақида сўраганимизда, жавоб берган ходим у аллақачон матбуот котибига етказилганини маълум қилди. Шунга қарамай, на бир муносабат билдирилди, на ахборот беришни рад этиш ҳолати кузатилди. Аниқ муаммо ўртага ташланганда жавоб беришдан қочиш бир қанча асосли саволлар туғилишига сабаб бўлди.

    Биринчидан, Ўзбекистон даромад даражаси ўрта мамлакатлар қаторида бўлса ва ЖССТнинг ўзи ушбу касаллик кўпинча даромад даражаси ўрта ва паст бўлган мамлакатларда кузатилишини таъкидлаб турса, биздаги ташхис ва ўлим сони билан боғлиқ ҳолат қандай? Хавотирлими ёки биз ЖССТга қўшилиб бекорга ваҳима қиляпмизми?

    Иккинчидан, касаллик статистикаси бўйича расмий ОАВнинг сўровига, қонунчиликда жавоб бериш, ҳеч бўлмаса рад этиш кераклиги муддатларигача белгиланиб қўйилса-да, вазирликнинг ахборот масалаларига масъул вакиллари томонидан муносабат билдирилмаслиги нимани англатади? Жавоб йўқлигиними ёки бор жавобни беришни истамасликми?

    Учинчидан, касаллар сони билан боғлиқ рақамларнинг йўқлиги (бор бўлганида тақдим қилинарди, ҳар ҳолда) ташхис қўя оладиган кадрлар билан боғлиқ муаммоми ёки бизнинг ақлимиз етмайдиган қандайдир бошқа сабаб борми? Кўпиртираётгандирмиз, эҳтимол?

    Аниқлик йўқлиги ортидан келиб чиққан шунча саволлар биргина изоҳ ёки муносабат билан пайдо бўлмаслиги мумкин эди. Лекин Telegram-каналида «Кейинги пайтларда халқимизнинг тиббиёт соҳасидан норози эканлиги ҳақида шикоятлар келаётгани, тизимда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар кўплиги»ни ёзиб қолдирган Соғлиқни сақлаш вазирлиги жавоб тугул, изоҳ беришни ҳам истамади.

    Ўзбекистон президентининг ўзи очиқлик ва шаффофликни таъминлаш кераклигини бот-бот таъкидлаб турганда, журналистнинг мурожаатини кўриб-кўрмасликка олиш, расмий хатга очиқчасига жавоб бермаслик вазирликнинг ҳақ экани, чиндан ҳам «тизимда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар кўплиги»ни исботлайди.

    Ўша муаммолар сабаб эса Дурдона опага ўхшаган ота-оналар боласининг дардига даво топиш тугул, ташхисини билолмай, шифохонама-шифохона санғиши, пойтахтга пул сарфлаб келиши (пойтахтдаги беморларнинг ҳам ҳар сафар мушкули осон бўлавермайди, аслида)га тўғри келади.

    Бир амаллаб ташхисни билиб олган Дурдона опа энди ҳар куни бунга нима сабаб бўлганини ўйлаб, ўйига етолмайди. У борган тиббиёт ходимлари бунга бирор хавфли инфекция, туғуруқдан олдинги тонус ёки кучли гипоксия сабаб эканини маълум қилади. Бироқ буларнинг бари тахмин, аниқ сабабини шу кунгача ҳеч ким тополмаган.

    Невропатолог Бобир Алимовнинг айтишига қараганда, эпилепсиянинг келиб чиқиш сабаби унинг қайси турда экани билан боғлиқ бўлади. Унинг тушунтиришича, амалий неврологияда ушбу касаллик учта асосий тур — симптоматик, идиопатик, криптогенга бўлинади.

    «Симптоматик тури бош мияда аниқ бир структуравий ўзгаришлар, яъни ўсимта, бош мия пардаларидаги ўзгариш, инсульт билан намоён бўлади. Соддароқ айтганда, унинг аниқ бир сабаби бўлади. Идиопатик эпилепсия бўлса наслдан ўтиши мумкин. Криптоген турини эса сабаби номаълум. Унда турли текширувлардан кейин ҳам бошда ҳеч қандай ўчоқлар аниқланмаслиги, наслий омиллар ҳам бўлмаслиги мумкин», — дейди шифокор.

    Қўшимча қилинишича, келиб чиқиш сабаблари турли ёш доирасида фарқли бўлади. Масалан, болалардагисининг боиси туғуруқ патологиялари ва жароҳатлари, бош мия инфекцияси, катталардагиси бош мия ўсмалари, жароҳатланиш, инсультдан кейинги асоратлардан кейин келиб чиқади.

    Ҳаммада ҳам «Телба»дагидек бўлавермайди

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    Тутқаноқ, талваса хуружи эпилепсиянинг патологик кўриниши ҳисобланса-да, доим такрорланавермаслиги, шунингдек, ҳар кимда турли кечиши мумкин. Баъзида беморнинг ўзи унда тутқаноқ бўлиб ўтганини билмай ҳам қолади. Енгил формаларида бир лаҳзага ташқи олам билан алоқа йўқолиши, айримларда хуруж ҳушдан кетмаслик, муайян мушаклар гуруҳининг тиришиши билангина намоён бўлади. Қолаверса, ёқимсиз ҳид, овоз, кўз олдидаги чақнаш, геометрик шакллар кўринишидаги галлюцинация ҳам бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин.

    Достоевскийнинг энг машҳур асарларидан бири «Телба»даги қаҳрамон — княз Мишкин ҳар сафар тутқаноқ тутишидан аввал (агар расман тутқаноқ бўлса) дарддан, босимдан, қийноқлардан юраги зимистон бўлар, сониялар ичида кутилмаганда мияси ярақлаб кетар ва бутун ҳаётий қувватлари бирдан очилиб, жонланиб, кучга тўлиш ҳолати кузатилади. Худди чақиндек ялт этиб ўтадиган ушбу онларда унинг ҳаёт сезгилари, ички шуури ўн баробарортиши айтилади.

    Дурдона опанинг қизида бўлса, хуруж жуда тез — кўзни очиб-юмгулик лаҳзада ўтиб кетади. Ҳали кичкина бўлгани учун унинг нималарни ҳис қилишини билмайди, лекин жони оғришига ишончи комил. Бунақа пайтда онаси фарзандининг тириштираётган оёқ-қўлларини енгил массаж қилиб юмшатади, бағрига босади. Янгилик эмаслигига қарамай, ҳар сафар шундай бўлганида унинг юраги зир титрайди. Она учун дарднинг эски-янгиси бўларканми?

    Эпилепсиядаги ўлимларнинг аксарияти хуруж вақти (тутқаноқ тутиши) нафас йўлининг тўсилиб қолиши, бемор ҳушидан кетганда боши билан йиқилиши, куйиши (газ печи ёки олов бор жойда ҳушни йўқотиш), ҳаёт учун хавфли жароҳатлар олиши билан боғлиқ.

    Шунингдек, ўз вақтида даволанмаса, чора кўрилмаса, доимий такрорланиб, узоқ кечадиган тутқаноқ ҳаёт билан боғлиқ жиддий оқибатларга олиб келувчи гипоксия (мияга кислород етишмаслиги), бош мия атрофияси ва бошқалар ривожланишига туртки бўлиши мумкин.

    Бобир Алимовнинг таъкидлашича, тутқаноқ бўлишидан аввалги белгилар «хабарчи аура», деб аталиб, уларнинг бўлиш-бўлмаслиги касалликнинг тури билан боғлиқ.

    «Беморлардан сўралганда уларнинг аксарияти кўзларининг олдида чақнаш бўлиши, қандайдир овозларни эшитиши, қорин ёки кўкрак қисмида оғриқ, сиқилиш бўлишини айтади. Аммо яна бир нарсани инобатга олиш керакки, бу белгиларнинг бари ҳам эпилепсияси бор беморларда учрайвермайди. Асосан, вегетатив асаб тизими билан боғлиқ эпилепсияларда кўпроқ кузатилади».

    Жуда қисқа вақт кечадиган ауранинг умумий жиҳатларини таъкидлаш мумкин бўлса-да, тўлиқ тавсиф бериб бўлмайди.

    Ташхисдан кейинги даво сабаб камайган хуружлар

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    Дурдона Солиева ташхисдан кейин даво чораларини кўра бошлагач, қизида патологик ҳолатлар анча камайганини таъкидлайди. Авваллари кунига 70, ҳатто 80 марталаб такрорланган хуружлар ҳозир 1-2 мартагина бўлиб туради.

    «Қаттиқ тиришиб йиғлаши деярли йўқолган бўлса-да, атрофга ҳали ҳам эътиборсиз. 2022 йил апрелда бир ёшга тўлган, лекин ҳалиям чақалоқлардек бир жойда ётади. Қўлини оғзига олиб боролса-да, ҳеч нимани ушлолмайди. Тишлари ҳам ҳали чиқмаган», — дейди Саиданинг онаси.

    У қизи ичаётган дориларни вилоятдан топа олмагани, Тошкентда ҳам саноқли дорихоналардан топиш мумкинлиги, шунингдек, баъзида 500 минг сўмлик дори бошқа дорихонада икки карра қиммат бўлишини маълум қилди.

    «Қимматлигига оригинал эканини сабаб қилиб кўрсатишади. Аммо биз ичадиган ‘Сабрил’ (500 мг) таблетка фақатгина бир давлатда ишлаб чиқарилар экан. Бошида дориларни топишга бироз қийналардик, ҳозир доимий оладиган жойдан қидирамиз. Бу касалликка шифо бўлувчи самарали дори-дармон воситалари юртимизда жуда саноқли», — дея фикр билдиради аёл.

    Суҳбатдошимизнинг гапларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда эпилепсияга қарши қайси дори воситалари рўйхатдан ўтказилгани ҳақида қизиқдик. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бўлса «Дарё»нинг сўровини узоқ куттирмасдан дарҳол жавоб берди.

    Агентликнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда эпилепсияга қарши: «Бензонал» (Арманистон ва Россияда ишлаб чиқарилган вариантлари), «Валпроком Ҳроно» (Украина), «Габантин» (Украина), «Карбамазепин» (Украина ва Арманистонда ишлаб чиқарилган вариантлари), «Ламотрин» (Украина), «Левицитам» (Украина), «Нейролепсин» (Грузия), «Неогабин»(Украина), «Перла» (Украина), «Топирамакс» (Украина), «Фенобарбитал» (Россия), «Депакин Хроно» (Франция), «Конвустоп» (Ўзбекистон) сингари дори воситалари рўйхатдан ўтган.

    Лекин суҳбатдошимиз айтиб ўтган «Сабрил» (Вигабатрин) ушбу рўйхатда йўқ. Бунинг сабаби нимада экани, рўйхатдан ўтмаган бўлса, қандай қилиб сотувга чиқарилгани ҳақидаги саволга эса: «Дори воситаларини рўйхатга олиш Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга мувофиқ амалга оширилади, буюртмачи томонидан юқоридаги низомда кўрсатилган ҳужжатлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказига тақдим этилгандан кейин, мазкур қарорда ўрнатилган тартибда амалга оширилади», — деб жавоб берилди.

    Ўзбекчиликка тўғри келмайди(ми?)

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    Дунёда энг кўп тарқалганига қарамай, турли ёш ва жинс вакилларида учраши мумкин бўлган ушбу касаллик билан боғлиқ стереотиплар, тўқималар етарлича топилади. Улардан энг кўп тарқалгани эпилепсия безовта қиладиган беморларнинг барини руҳий касал деб аташ. Яқин-яқингача неврологик саналган ушбу касалликни психиатр даволайди деб ҳисобланган. Лекин эпилепсия ҳар доим ҳам психик ва интеллектуал муаммолар билан кузатилмайди. Ақлий заифлик ёки психик ўзгаришлар кузатилиши асосан миядаги жиддий касаллик, ё бўлмаса антиэпилептик препаратларнинг етарлича самарасиз экани, асоратлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

    Эпилепсия руҳий касаллик эмас, лекин турли сабабларга кўра ушбу касалликдан азият чекадиган беморларда психик муаммоларнинг ортиш эҳтимоли юқори.

    «Тутқаноқ вақтида даволанмаса, ўз вақтида мутахассисга учралмаса ва нотўғри даволанса, руҳий ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Эпилепсияси бор беморларда руҳий ўзгариш бўлаётганини уларнинг хулқ-атвори: асабийлашиши, тез жаҳли чиқиши, хотира ва когнитив қобилиятларнинг пасайишидан сезиш мумкин. Уларнинг аксариятида умумий жиҳат, яъни яқинларига жуда қўпол муносабатда, бегоналарга эса хушмуомала бўлиш ҳолати кузатилиши мумкин. Бундай руҳий ўзгаришлар иккита омил билан боғланади. Биринчиси, касаллик ўчоғи даволанмагани оқибатида бош мия ва хулқ-атворда ўзгариш; иккинчиси, тутқаноққа қарши дориларни сурункали истеъмол қилишнинг бош мияга бевосита таъсири қилиши билан боғлиқ», — дейди мутахассис.

    Халқаро тан олинган ҳужжатларда дискриминация ва ҳуқуқлар топталишига йўл қўймаслик кераклиги қайд қилинган бўлса-да, кўплаб мамлакатларда эпилепсияли беморлар ва уларнинг оилалари стигма ва камситишлардан азият чекади. Касаллик ва ташхис билан боғлиқ тушунча, маълумот тополмагани сабаб атрофдагиларнинг «томи кетган», «вос-вос бўлиб қолган» деган гаплари таъсирида тиббий ёрдам олиш, даволаш ўрнига жилла қурса «ўқитиб» келинадиган, уйдан ташқарига чиқарилмайдиганлар ҳам йўқ эмас.

    Қўрқув сабабми ёки юқади деб ўйлабми, кўчада тутқаноқ тутган одамга дуч келса, унга ёрдам бериш ўрнига четга қочиб, ўзи талвасага тушадиганлар ҳам бор.

    Дурдона опа ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлагандек бундай касаллиги бор одамларга жамият муносабатини қониқарли деб айта олмайди. «Масалан оналар соғлом фарзандини эпилепсияси бор бола билан ўйнашини истамаса ҳам керак. Негаки, тўсатдан хуруж рўй берса, бола тугул катта одам ҳам ўзини йўқотиб, қаттиқ қўрқади», — дейди у.

    Аслида бошқа фондаги кўплаб касалликларнинг патоген механизми асосида келиб чиқиши мумкин бўлса-да, эпилепсия юқумли эмас. Кўча-кўйда касаллиги хуруж қилган одамга бефарқ бўлиб ўз вақтида ёрдам кўрсатмасликка келсак — бу ҳаракатсизлик кимнингдир фарзанди, ота-онаси ёки сингил-укасидан айрилиб қолишига сабаб бўлиши, уларнинг ўрнида эса ҳамма — ҳатто сиз ҳам бўлишингиз мумкинлигини билдиради.

    Дарҳақиқат, эпилепсиянинг оғир турларидаги хуруж пайтида атрофдагилар шок ҳолатига тушади. Аммо бундай вазиятда ўзини қўлга олиш, тезда биринчи ёрдам кўрсатиш зарур.

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    «Бемор ўз ҳолатини назорат қилолмаслиги, беҳуш бўлиши мумкин. Тўсатдан йиқилган бўлса, бошининг остига иложи борича юмшоқроқ нарса қўйиш, сиқиб турган кийимларини ечиб нафас олишини таъминлаш керак. Тилини тишлаши, кўпик келиши, билмай пешоб ажратиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин.

    Тутқаноқ вақтида бемор чалқанча ётса, тили нафас йўлини ёпиб қўйиши, оқибатда кислород етишмаслигидан ўлим ҳолати кузатилиши ҳам мумкин.

    Беморни ёнбошга ётқизиб, бошини ҳам ён томонга қаратиш, икки томондан ушлаб туриш керак. Тутқаноқ хуружи кўпи билан 2-5 дақиқа давом этиши, кейин бемор чуқур уйқуга кетиши мумкин. Бу вақт ичида зудлик билан тез ёрдам чақириш керак», — дейди шифокор.

    «Қизимнинг ўз тенгдошлари қаторида боғчага бориши, мактабда ўқишини Роббимдан тинмай сўраб дуо қиламан. Ўзбекчиликда қиз боланинг тутқаноғи борлиги яхши гап эмас. Бу эса баттар юрагимни сиқади. Эпилепсия кўп ҳолларда ирсиятга боғлиқ бўлар эмиш. Келин-куёв, набира кўриш орзусидаги ота-оналар бўлса хасталиги бўлганларни оила аъзоси сифатида қабул қилишни ҳеч истамаса керак», — дейди Дурдона опа.

    Чиндан ҳам гендан ўтадими ёки йўқ, деган саволга шифокор эпилепсиянинг 8-10 фоизигина наслий бўлиши мумкинлигини айтиб, бу касалликнинг қайси тури эканлиги билан боғлиқлигини билдирди. Яъни идиопатик турнинг наслдан ўтиш хавфи симптоматикка нисбатан юқорироқ бўлар экан. Аммо бу билан наслий омилларнинг аҳамиятини ҳам инкор этиб бўлмайди»,— дейди Бобир Алимов

    Касаллик муваффақият ёки ўз соҳасида энг яхши бўлишга қаршилик қилмаслиги, шу билан бирга, эпилепсияси борларнинг ҳаммаси ҳам иқтидорли ва истеъдодли бўлмаслиги мумкин — худдисиз-у биз сингари.

    Давоси борми ўзи?

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    ЖССТнинг маълумотларида тўғри ташхис ва даво чораси кўрилса, эпилепсиядан азият чекадиганларнинг 70 фоизга яқинида, касаллик хуружсиз ўтиши айтилади. Лекин Дурдона опага давоси йўқ бўлса-чи, деган ўй тинчлик бермайди. Бобир Алимов бўлса, буткул даво топиш, гендан ўтиш сингари касалликнинг тури, этиологияси, дори воситаларининг қанчалик тўғри берилиши билан узвий боғлиқлигини айтади.

    «Ҳар қандай мутахассис эмас, эпилептолог ёки эпилепсияга мослашган болалар неврологи даволай олади, холос. Аммо фармакорезисент турида қанчалик кучли дорилар берилмасин таъсир қилмаслиги, комплекс даволаш керак бўлади. Бу, тахминан, 10 фоиз ҳолатда учраши мумкин. Агар малакали мутахассис томонидан касалликнинг тури аниқ топилиб, тўғри дорилар комбинацияси етарли доза ва муайян вақтда бериб борилса, эпилепсияни даволаш мумкин. Бунинг учун беморга яқинлари жиддий кўмак бериши, назорат лозим. Дорилар узоқ вақт ичирилгани сабаб ҳам сабр қилиш муҳим ҳисобланади. Уйқу 8 соатдан кам бўлмаслиги, қўзғалишга олиб келадиган омиллар: дискотека, барлар, баланд шовқинлардан, ранглардан узоқроқ бўлиш керак. Шифокор тавсиясига биноан парҳезга амал қилиш: шўр, аччиқ, газланган ичимликлардан тийилиш керак», — деб қўшимча қилади невролог.

    Фарзанди қатори ва ундан кейин туғилган болаларни аллақачон дада-она дейиши, юриши ва қиқирлаб кулишини кўриб ҳар сафар ичидан зил кетадиган она бундай синовни, ҳатто душманига ҳам раво кўрмайди. Лекин у умидини сўндирмайди, бир кун келиб фарзанди тузалиши, келажакда шифокори бўлиб жажжи хаста болажонларни дардига малҳам бўлишига ишонади.

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    Ташхиси ўз вақтида қўйилса, даволанса, қўллаб-қувватланса, эпилепсияси бор болалар ҳам ҳамма сингари ўқиши, касб эгаси бўлиши, ўз ўрнини топиши ёки ҳали бошлаб ҳам улгурмай ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

    Тирик қолиш қолмаслиги, даволаниш ёки даволанмаслиги эса тутқаноқ тутган вақтида шунчаки томоша қилиб турган бекатдаги йўловчи, илк симптом кузатилганида уйга она қўнғироқ қилиб чақирган «участка» шифокори, шу мавзу ўтилаётганда дарс қолдирган-у, лекин бемор келганида билмаслигини яшириш учун бошқа дориларни ёзиб берган мутахассисга, вазиятнинг қанчалик жиддийлиги ҳақида маълумот беришни истамаётган мутасаддиларга боғлиқ.

    Жиддий ташхис ва касалликлар билан боғлиқ ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар @LoyihagamurojaatBot орқали мурожаат қилиши мумкин.

    Мавзуга доир:

    • Қачонгача оналарнинг ўзи боласига ташхис қўяверади? Билим, вақт ва пул талаб қиладиган аутизм
    • Асосий фарқлари: хромосомаси ва меҳри бизникидан кўплигида. Стереотиплар ҳаётини барбод қилиши мумкин бўлган Даун синдромли «қуёш болалари»
    • «Наҳотки борича қабул қилиш шунчалар имконсиз?». Аутизмга чалинган болани тарбиялаётган ота таълимдаги дискриминация, ўзбекчилик ва ННТ очиш орзуси ҳақида
    • «Болам яшаса бўлгани». Ўзбекистонлик бу болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин, фақат миллиардлар эвазига

    25.05.2022, 14:27   Изоҳ (0)   46836
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    HONOR компанияси HONOR 400 Lite смартфонини тақдим этди. Қизиқ, у нимаси билан лол қолдира олади?


    Молиявий саводхонлик мактаб остонасидан бошланади


    Silk Avia Шаҳрисабзга кўпроқ парвоз қилади


    Coca-Cola 139 йиллик илҳом, ажойиб кашфиётлар, машҳур кампаниялар ва бутун дунё севиб қолган таъмни тақдим этмоқда 


    Siberian Wellness — Ўзбекистонда 15 йил


    CHERY билан ўз орзунгизни амалга оширинг: барча моделлар учун бошланғич тўлов пасайтирилди! 


    InfinBANK Global Money Week 2025 да иштирок этди


    Mobiuz “МаззаФест”да янги “Мазза” ва “Мазза 2.0” тариф режаларини тақдим этади


    Молиявий фирибгарлик: мураккаб схемалар бўйича содда тушунчалар 


    ОКМК 2,3 миллиард доллар кредит маблағларини жалб қилди ва 125 миллион доллар молиявий харажатларни иқтисод қилди


    Уклонда такси ҳайдовчилари учун катта тадбир ўтказилди!


    Зиффлеръдан катта тақдимот: янги қиёфа, замонавий дизайн ва ақлли маиший техникалар


    UZCARD SHERDOR премиум картаси энди МКБАНКда мавжуд


    Kapitalbank 2024 йилги Brand Awards International мукофотига сазовор бўлди


    Парвоз — катта шаҳар характерига эга қулай бизнес-класс турар жой

     

    Тавсия этамиз

    “АҚШ ёрдам бермаганида, ғалабага эриша олмасдик” — Иккинчи жаҳон урушида СССР ютуғини таъминлаган яширин ҳақиқатлар

    10 май, 15:00

    “Улар ўз ватани мустақил бўлиши учун курашган эди” — Туркистон легионининг аянчли тарихи

    8 май, 15:09

    Рашидов, газли ичимликлар заводи, Қизил майдон. 9 май — Тошкент тарихидан фотолавҳалар

    7 май, 14:40

    Фазовий пойганинг бошланиши — Гагариннинг парвози ёлғон бўлганми?

    6 май, 18:00
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Ўзбекистонда ОТБ иштирокида 3,6 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилади

    Ўзбекистон | 11 май, 15:00

    Шаҳбоз Шариф Ҳиндистон билан ўт очишни тўхтатишни Покистоннинг “ғалабаси” деб атади

    Дунё | 11 май, 14:28

    Ишқий муносабатларини узоқ вақт сир тутган юлдузлар

    Лайфстайл | 11 май, 14:17

    “Қимматбаҳо тақинчоқлар ва кийим-кечаклардан ўзини чекларди” — Қозоғистон президенти онаси ва энг қийин дамлари ҳақида гапирди

    Дунё | 11 май, 13:55

    UFC. Рамазон Темиров навбатдаги жангини қозоғистонлик спортчига қарши ўтказади

    Спорт | 11 май, 13:43

    Бухоро ва Хоразмни боғловчи йўлни чигирткалар босди (видео)

    Ўзбекистон | 11 май, 13:25

    Путин Украинага ҳеч қандай шартларсиз тўғридан-тўғри музокара ўтказишни таклиф қилди

    Дунё | 11 май, 12:55

    Фарзандларининг актёр бўлишини хоҳламайдиган Голливуд юлдузлари

    Лайфстайл | 11 май, 12:30
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.