Тошкент тимсолларидан бири ҳисобланган «Ўзбекистон» меҳмонхонаси 2022 йилнинг биринчи чоракни 124,6 миллион сўм зарар билан якунлади. Бу Давлат активларини бошқариш агентлиги (DABA) маълумотларида қайд этилган.
2020 йилда меҳмонхонанинг давлат улуши Сингапурнинг Bashan Capital Pte компаниясига сотилган эди.
Компания икки йил ичида 23,2 миллион доллар, 1,5 йилда эса 100 миллиард сўм сармоя киритилиши керак эди.
Яқинда бу шартларни бажариш муддати ўз ниҳоясига етади, аммо DABA маълумотларига кўра, меҳмонхона ҳали ҳам 80,1 фоизга давлатга тегишли. Бундан келиб чиқадики, меҳмонхона кўрган зарар ҳам давлат ҳисобидан.
Меҳмонхона сотуви ҳақидаги 2020 йилдаги хабар агентлик сайтидан олиб ташланган, бироқ Telegram каналидаги пост сақланиб қолган.
Бундан ташқари, Bashan Capital Pte интернетдаги маълумотларга кўра бир неча йил давомида ҳисоботларни эълон қилмаган ва унинг манзилида яна 500 та компания рўйхатдан ўтган.
«Дарё» Давлат активларини бошқариш агентлигига мурожаат билан чиқди ва ҳозирда жавоб кутмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистондаги энг йирик ташувчилардан бирини хусусийлаштириш жараёни бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)