«Нефтчи» Суперлиганинг 9-турида «Навбаҳор» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.
Фарғоналикларнинг Намангандаги омадсиз серияси давом этди. «Нефтчи» сўнгги бор «Навбаҳор» майдонида 2011 йил ғалаба қозонган (2:0). Шундан буён иккала жамоа Наманганда 8 марта тўқнаш келди ва ушбу беллашувларнинг 3 тасида мезбонлар ғалаба қозонган бўлса, қолган 5 тасида дуранг натижа қайд этилган.
Бу «Навбаҳор» ва «Нефтчи» ўртасида Ўзбекистон чемпионати доирасидаги 55-ўйин бўлди. Унда 26 марта Фарғона жамоаси зафар қучган бўлса, 13 учрашув «лочинлар» фойдасига ҳал бўлган, яна 16 марта дуранг натижа қайд этилган. Тўплар нисбати — 80:54.
Қайд этиш керак, «Нефтчи» Суперлигадаги голсиз серияси 350 дақиқага етди. Сўнгги бор жамоа 6-турда «Динамо» дарвозасини ишғол қилганди.
Суперлиганинг 9-тур баҳсларидан сўнг «Навбаҳор» 17 очко билан 1-поғонани эгаллаб турибди, «Нефтчи» эса 6 очко билан 13-ўринда бормоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)