Ҳозирги вақтда давлат берадиган 11 йиллик мажбурий-бепул таълимнинг ўзи билан чекланиш камлик қилади. Ундан кейинги ОТМга кириш учун мактаб, коллеж ёки лицей билан параллел равишда керакли фанларни қўшимча ўрганиш эса табиийки, маблағ талаб этади.
Америкалик сиёсатчи, дипломат, олим ва журналист Бенжамин Франклин ўз вақтида шундай деган: «Билимга киритилган сармоя ҳар доим энг катта фойдаларни келтиради».
Унга ҳамфикр бўлган бугунги қаҳрамонимизнинг ота-онаси ўша вақтда топган даромадини фарзандларининг ўқишига сарфлаган.
1995 йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келган Суҳробжон Ғолиббоев 6 ёшидан бошлаб инглиз тили тўгарагига боради. У тил ўрганиб, ёрқин келажакни болаликдан қуриши учун оиласи одатдагидан кўпроқ ишлаб, етарли маош олиб келади.
Шу имкониятлар натижаси ўлароқ, Суҳробжон ҳозирда Америкадаги Microsoft компаниясининг мутахассисига айланган.
Олти ёшдан инглиз тили дарсларига юборишган
Мактабга илк қадам қўйган вақтларимдан бошлаб, баҳоларимга ота-онам қаттиқ турган. Аксарият болалар каби мактабдан эртанги дарс кунигача кўчада ўйнаш мен учун бегона эди. Ота-онам шундай йўл тутарди-ки, уйга вазифаларни қилмасдан ухлашни хоҳламасдим.
Кейинчалик ўзим ҳам дарсларда, айниқса, математика ва инглиз тили фанларида фаол бўлишга, юқори баҳолар олиб келишга интиладиган бўлдим. Шу тариқа, юқоридаги икки фанга қизиқишларим ортиб борди.
Оилам томонидан доимий назорат ҳамда талабчанлик менинг мактабдаги муваффақиятларимга, фан олимпиадаларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашимга сабаб бўлган.
Болаликда келажакни кўзлаб ота-онам юборган инглиз тили дарсларига 15-16 ёшларимда жиддий киришишга қарор қилганман. Мен мактабни битириш арафасида турган 2010-2011 йилларда абитуриент акам Ўзбекистондаги олийгоҳларга кириш учун ҳозирлик кўрарди.
Шунда мен ҳам ота-онамга олий таълим учун ҳозирдан тайёрланмоқчи эканимни, бироқ Ўзбекистондаги эмас, чет элдаги таълим муассасаларида ўқишни исташимни айтдим.
Нафақага чиққан отам киракашлик қилиб, курсларимга пул топиб келарди
Ўша вақтлар оиламизда молиявий муаммолар бор эди. Яъни, хорижда ўқиш учун маблағ етарли бўлмаган. Отам 25 йил ДАН ходими бўлиб ишлаганидан кейин, нафақага чиққанди.
Доимий даромад бўлиши, рўзғор ва акамнинг учта фандан репетиторларига етарли пул топиш мақсадида отам Тошкент-Самарқанд йўналишида киракашлик қилган.
Менинг таълим олишга интилишимни кўрган отам, янада тинимсиз меҳнатга шўнғиб, қўшимча дарсларимиз учун пул топиб келарди. Ана шу меҳнатлар мени фанга жиддий киришишим учун катта мотивация бўлган.
Илк олти ойлик ўқиш давомида устозим Маъмура Тожибоева инглиз тили грамматикасини мукаммал ўргатди. 2011 йил 126-ўрта мактабни тамомлагач, аниқ фанлар кучлироқ ўргатилади, деб Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги Сирожиддинов лицейига ўқишга кирдим.
Лицейда жуда кўп дунё қараши кенг ва ақлли дўстлар орттирдим. Авваллари хорижга кетиш учун инглиз тили зарур эканини билардим. Лекин IELTS сертификати олиш кераклиги ва унинг имкониятлари ҳақида ўқишдаги дўстларим айтган.
Келажагим учун зарур бўлган IELTS курсининг нархлари отамнинг бир ойлик даромади билан тенг эди
Кейинчалик IELTS курсига боришга қарор қилдим. Бироқ у ҳақда ота-онамга қандай айтишни билмасдим, чунки ўша пайтда курс нархи 150 доллар эди — отам ёки онамнинг бир ойлик даромади билан тенг.
Мақсадимни амалга оширадиган бўлсам, ота-онамнинг топган-тутгани мен ва акамнинг ўқиши учун сарфланишига тўғри келарди. Яъни, оиладаги бошқа харажатларга пул ортмасди.
Аросат ёмон, одамни қийин аҳволга солади. Бир томондан оиладаги вазиятни тушуниб турасан, бошқа томондан келажагинг учун ҳозирдан курашишинг, ҳаракат қилишинг керак.Бир гап бўлар, деб охири онамга ниятимни айтдим. Улар хоҳишларимни ижобий қабул қилиб, «Сен ўқишни бошлайвер! Биз сизлар учун ҳамма нарсага тайёрмиз. Пул ҳам топилади!», дедилар.
3 ойлик интенсив тайёргарлик билан 5.5 баллик IELTS сертификатини қўлга киритдим. Бу балл унчалик юқори бўлмаса-да, ўша вақтда ўрта даражали университетларга кириш учун етарли эди.
Лицей вақти университетга қабул қилиндим
Лицейнинг иккинчи босқичини ўқиётган вақтим Ўзбекистон Вестминстер халқаро университетига аввалдан ҳужжат ва имтиҳон топшириб, қабул қилиндим. Бу менинг биринчи ва энг катта натижаларимдан эди.
Хорижда ўқиш учун имкониятимиз етарли бўлмагани сабабли, 2014 йилда Ўзбекистондаги Вестминстер университетида ўқишни бошладим.
Менда дастурлашга қизиқиш бироз кеч уйғонган. Бунинг сабабини соҳанинг Ўзбекистонда яхши ривожланмагани, шу сферада ишлайдиган, ўқийдиган танишларим бўлмагани билан боғлайман.
Сўнмаган хорижда ўқиш умиди билан талабалар алмашинув дастури орқали Америкага кетдим
Бакалаврнинг биринчи босқичини тамомлаганимда, хориж университетларида ўқиш орзум ҳали сўнмаган эди.
2015 йилда Exchange student work and travel дастури билан Американинг Калифорния штати Сан-Франциско шаҳрига келдим.
Exchange student work and travel — Иш ва саёҳат учун талабалар алмашинуви дастури.
Ўшанда Америкада IT-соҳаси қанчалик ривожланиб, инсонлар ҳаётида ўзгаришлар, қулайликлар яратишининг гувоҳи бўлганман. Бу кўрганларим менда дастурчиликка нисбатан қизиқиш уйғотган.
Аввалига Америкадаги Community college’нинг математика йўналиши бўйича ўқий бошладим. Кейинроқ бир дўстимнинг маслаҳати билан «C++» дастурлаш тилининг бошланғич дарсларига ёзилиб, соҳани илк бор ўрганишга киришдим.
Бошида 3-4 ойгача кўп нарсаларни тушунмасдим. Ўшанда ўзимга ўзим қачондир бу соҳани ўргана олармиканман, деган шубҳада қараб, дастурчилик йўлидан қайтишни ҳам ўйлаганман.
Биринчи семестр тугашига яқин ўз устимда қаттиқроқ ишлай бошладим. Ҳар куни дарслардан сўнг коллеж кутубхонасида кечки соат 19-20 ларгача қолиб, тегишли адабиётларни ўрганардим. Ундан ташқари, турли онлайн материаллар кўриб, уларни ўша куниёқ такрорлашга уринардим.
Коллеж икки йиллик эди. У муддат тугагач, бакалавр даражасини берувчи университетга кўчиб ўтишим керак эди. Ўқиш билан бирга олиб борган ҳаракатларим ўз натижасини кўрсатиб, 2018 йил City college of San Fransisco’дан Dominican University of California’га ўтдим.
Бу даврда информатика соҳаси бўйича билимларимни орттириб, ишга кириш ҳақида ўйлай бошладим.
Шу мақсадда узоқ тайёргарлик ва бир нечта интервью жараёнларидан сўнг, илк бор ҳаётимдаги ҳақиқий ишга кирдим. Бу — мен умуман кутмаган Microsoft компанияси эди.
Microsoft компаниясига ишга кириш — ўзим учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлган
Одатда йирик компаниялар университетни бир йилдан кейин тамомловчи, истеъдодли талабалар орасидан ишга олиш учун номзодлар қидиради. Сабаби бу муддат компанияга ҳам, кандидатга ҳам тайёрланиш учун етарлича вақт беради.
2019 йилнинг ноябрь ойи, ишга киришга тайёргарлик кўриб юрган вақтларим, Microsoft компаниясининг ишчи ходимлар топадиган рекрутерлари Калифорниядаги мен ўқиётган Доминикан университетига тақдимот билан келишган.
Ўшанда бизнинг университет вакиллари уларга 2020 йил битирувчиларидан Microsoft компаниясида ишлашга тайёр номзодлар рўйхатини берган. Ўша рўйхатдан мен ҳам ўрин олган эканман.
Рўйхат билан танишган Microsoft компанияси барча кандидатлар билан бирма-бир интервью қилишни бошлаб юборган. Компания жуда катта бўлгани ва бошқа сабабларга кўра, менинг суҳбат учун навбатим келаси 2020 йилнинг февраль ойига тўғри келган.
Microsoft компаниясига кириш босқичлари
Биринчи босқичда мобил интервью бўлган. Кейин Microsoft компаниясининг бош офиси Редмонд, Вашингтонга суҳбат учун таклиф қилишган.
COVID вирусининг пайдо бўлиши ҳам айнан шу вақтга тўғри келиб, кўплаб ишхоналар ёпилган. Ишга олишнинг барча жараёнлари ҳам онлайн шаклда амалга оширилган. Жумладан, менинг сўнгги интервьюм ҳам.
2020 йил апрель ойининг бошларида сўнгги интервьюлар бўлиб ўтган. Улар уч босқичда бўлган. Барчасида интервьюер номзодга дастурлашга оид бирор масала беради. Уни ишлаш учун 30-45 дақиқа ажратилади.
Бу жараёнда энг муҳими масалани еча олиш эмас, уни қандай усулда ечиш ва интервьюерга тушунтириб бера олиш бўлган.
Шундан 2-3 ҳафта ўтгач, менга телефон орқали хушхабар етказишди — ишга қабул қилинганим ва 2020 йилнинг август ойидан Microsoft’ни Америкадаги бош офиси — Редмонд, Вашингтонда иш бошлашим мумкинлигини маълум қилишди.
Microsoft компаниясига ишга киришдан аввал Bolar, LLC компаниясида амалиёт дастурини ўтаганман. Microsoft компаниясидагилар Bolar, LLC да ишлаётганимни билиб, улар билан ишни август ойида бошлашимни айтишган.
Мен августгача бўлган муддатда бўш қолмаслик учун, Bolar, LLC компаниясидаги амалиётимни 3 ой давом эттирганман.
Америкада иш топиш жараёнлари
Америкада иш топиш асосан қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:- онлайн портфолио тайёрлаш — унга 2-3 та шахсий лойиҳа устида ишлагани ёки ўқиш давомида қилган ишларини киритиш мумкин.
- LinkedIn — иш топиш учун мўлжалланган онлайн сервис ёки профессионаллар учун ижтимоий тармоқ саналади. Платформада аккаунт эгалари киритган маълумотларни кўпинча онлайн резюме сифатида ҳам кўришади. Сабаби унда ўша одамни академик ютуқлари, қайси таълим муассасаларни тамомлагани ёки ўқиши ва иш-кўникмалари киритилади. Улар эса, ишчи қидираётган компанияга кандидат ҳақида етарлича маълумотларни билишда ёрдам беради.
- Data Structures анд Algorithms (маълумотлар тузилмаси ва алгаритмлари) — бунинг бошидаги биринчи ва иккинчи босқичлар билан параллел тарзда олиб борган маъқул. Сабаби бу энг муҳим босқич саналади. Буни билмаган номзод интервьюдан ўтолмайди. Data Structures анд Algorithms’ни худди биздаги университетларга тайёрловчи тўпламларнинг онлайн кўринишига ўхшатиш мумкин. Ёки бошқа ўқишга тайёрлайдиган материаллар ҳам бор. Энг машҳурларидан бири — leetcode.com платформасидан фойдаланиш мумкин. Унда йирик компаниялар ўтказган интервьюларнинг ҳар йиллик саволлари номзодлар томонидан аноним тарзда киритилади. Сайт ходимлари номзодлар ёзган саволларга тузатишлар киритиб, қайта жойланади.
- Application process (Ариза тўлдириш жараёнлари) — бунда имкон қадар кўпроқ жойлар танлангани маъқул. Қабул қилинганлари орасидан танлов қилиш эса ёқимли ва ўзига бўлган ишончни оширувчи жараён бўлиши аниқ.
- Интервью босқичи — одатда, интервьюер кандидатни телефон орқали савол-жавоб қилиб, у даъвогарлик қилаётган лавозимга чиндан ҳам лойиқ-нолойиқ экани, резюмедаги лойиҳаларни яхши билиш-билмаслигига аниқлик киритади. Агар шу босқич ижобий фикр уйғоца, у on-site — иш жойидаги суҳбатга ёки техник интервьюга таклиф қилинади. Офисда 1-2 нафар интервьюер хонадаги доскада саволлар беради. Номзод эса уларга ечим бериши керак. Бу жараён 3-4 тадан 5-8 тагача бўлиши мумкин. Босқичлар сони лавозимнинг катта-кичиклигига боғлиқ бўлади. Ана шу этапда бериладиган масалаларнинг ҳаммасида маълумотлар тузилмаси ва алгоритмларини билиш шарт.
- Ва ниҳоят, Job offer (ишга таклиф хати) — агар номзод интервьюлардан муваффақиятли ўтган бўлса, компания томонида Job offer юборилади.
- Salary negotiation (маош ҳақида музокаралар) — бунда йилига қанча маош тўланиши келишилади. Бунда ҳақиқий ойлик, компаниянинг ҳиссаси ва бонуслар муҳокама қилинади.
Американинг энг ёқадиган тарафи — у ерда эркинлик ва инсон манфаатлари учун ҳар томонлама курашилади. Ёқмайдигани эса — индивидуализм кучайиб кетган
Албатта, чет элда мустақил яшаш қийинчиликларсиз бўлмайди. Ҳамма жойнинг ҳам ўзига яраша оғир-енгилликлари бор. Ташқаридан қараганда хориж ҳаёти барчага қизиқ ва қулайликларга бой кўринаверади.
Аммо мураккаб вазиятлар, чорасиз аҳволга тушиб қолиш ҳоллари ҳам йўқ эмас. Буни мусофир юртдаги ватандошларимиз кўпроқ тушунса керак.
Шундай бўлса-да, фикримча, хориждаги ҳаётнинг ижобий томонлари ҳам етарлича. Айнан Американинг ёқадиган жиҳатлари — умумий имкониятлар, эркинлик ҳамда ҳар тарафлама одамларнинг манфаати учун курашилишидир. Улардан тўғри фойдаланиб, астойдил ҳаракат қилинса, жуда кўплаб мақсадларга эришиш мумкин.
Мусофирликнинг энг ёмон томони эса, оилангдан узоқда, ёлғиз ўзинг бўлиш, деб биламан. Имкониятлар, шарт-шароитлар етарлича бўлгани билан, яқинлардан йироқда кўп муддат яшаш осонмас.
Бундан ташқари, Америкада индивидуализм жуда кенг тарқалган. Деярли ҳамма ёлғиз яшайди. Оила қадриятлари йўқолиб кетган. Бунинг оқибатида, одам ўзини ёлғиз ҳис қила бошлайди.
Афсуски, бу ҳолатни фақат Америкада эмас, деярли барча Ғарб ва Европа мамлакатларида учратиш мумкин.
Ортга қайтиш фикри эса ҳали бўлмаган. Ҳозирги асосий мақсадим — шу ерда малакамни ошириб, соҳамнинг етук мутахассиси бўлиш.
Вашингтон штатида дастурчиларга 90 000 дан 150 000 долларгача маош белгиланади
Ойлик масаласига келсак, бу рақамлар штатдан-штатга ва касбдан касбга қараб кескин ўзгариши мумкин. Масалан, Вашингтон штатида дастурчилар учун йилига ўртача 90 минг доллардан 150 минг долларгача маош белгиланади.
Лекин бу рақамлар солиқлардан кейин кескин камаяди — 90–70 минг долларга, 150 минг доллар эса 120 минг долларгача пастлайди.
Табиийки, бу Ўзбекистон аҳолиси учун катта бўлиб кўриниши мумкин. Лекин ойлик харажатлар ёки уй ижарасининг ўзи ҳам яхшигина маблағ талаб этади.
Масалан, Редмонд Вашингтонда 1 хонали уй ойига ўртача икки минг долларга айланади. Шу харажатлардан кейин маош миқдори барча жойлар билан бир хилга айланиб қолса ҳам ҳеч гапмас.
Дастурчиликка янада кўпроқ ёшларни жалб этиш учун у билан нималарга эришиш мумкинлигини кўрсатиш зарур. Бироқ бу касб трендда бўлгани учунгина танланмаслиги керак
Масалан, шундай мобил иловалар бор-ки, одамларнинг кундалик ҳаётини яхшилашга хизмат қилади. Баъзи веб-сайтлар эса мутахассисларнинг иш топиши учун ёрдам беради. Буларнинг барчаси IT-соҳа вакиллари томонидан яратади.
Бундан ташқари, дастурчиликни ўрганиш билан одам ўзида ижодкорлик, муаммоларга ечим топиш ва танқидий фикрлаш хусусиятларини шакллантириб боради. Ўйлашимча, бу кўникмалар ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида керак бўлади.
Фойдали тарафларини кўп санаш мумкин. Аммо ҳар бир соҳани, жумладан, дастурчиликни ҳам трендда бўлгани учунгина ўрганишни маслаҳат бермайман.
Рақамли саводхонликни ошириш, мамлакатнинг барча қисмини арзон ва сифатли интернет билан таъминлаш — соҳа ривожи учун самарадор ҳисса бўлади
Онлайн платформалар орқали юздан ортиқ ёшлар менга савол ёки маслаҳат сўраб мурожаат қилади. Демак, кўплаб Ўзбекистон ёшлари келажак касбларига қизиқиш билдирмоқда. Бу эса менда ватаннинг ёрқин келажагига умид пайдо қилади.
Дастурчиликни ўрганиш қанча эрта бошланса, самарадорлиги шунча юқорироқ бўлади. Унинг ривожига қуйидагилар туртки бўлиши мумкин.
- Мамлакатда рақамли саводхонликни ошириш,
- Республиканинг барча аҳолиси учун интернетдан сифатли ва арзон фойдаланиш имконини таъминлаш — бунда шаҳар четидаги аҳоли атрофида мутахассис бўлмаган тақдирда ҳам дастурчиликнинг бошланғич кўникмаларини мустақил интернетдан ўрганиши мумкин,
- Давлат мактабларида инглиз тилини кучайтириш,
- Дастурлаш бўйича етарли билимга эга устоз-мутахассисларни етиштириш ёки олиб келиш,
- Дастурлашнинг бошланғич кўникмаларини мактаб дарсликларига киритиш — у учун оптимал энг содда бир дастурлаш тилини танлаш мумкин.
Бизда аниқ фанларни ўқитиш ва ўзлаштириш яхши йўлга қўйилган. Бироқ унинг амалиётда қўлланилишида бироз оқсаш бор. Бу бўйича кўп ишлар қилинмаган, менимча.
Айнан математика фанини дастурлашда қандай қўлланилиши ҳақида ўқувчиларга тушунтирилса, бу соҳанинг ривожланиши сезиларли даражада тезлашса керак.
Яна дастурлаш соҳасининг ривожи ҳақида гап кетганида, инглиз тилини алоҳида таъкидламаслик иложсиз. Сабаби соҳага оид деярли 90—95 фоиз ресурслар инглиз тилида ва онлайн ҳамжамият ҳам шу тилдан фойдаланади.
Қисқаси, инглиз тилини ўрганиш — бу соҳанинг бошқа вакиллари билан мулоқот қилиш ҳамда дастурлаш тилларини тезроқ ўрганишга ёрдам беради.
Дастурчиликни ўрганмоқчи бўлганлар учун муҳим
Соҳани илк бор ўрганаётганлар уни устоз билан бошлагани маъқул.
Масалан, Phyton ва дастурлаш ўрганилганда фақат унинг тилига эмас, дастурлаш концепциясига ҳам эътибор қаратиш керак, чунки деярли тиллар бир-бирига ўхшаш. Агар биттасини яхши тушуниб олса, қолганларини ўрганиш учун кўп вақт кетмайди.
Бирорта дастурлаш тилини ёки қолипини ўргангандан сўнг онлайн курслар орқали давом эттириш мумкин. Масалан, udemy.com, www.course.org ва албатта, барчага маълум YouTube платформаси бу борада яхши ёрдам беролади.
Бундан ташқари, дастурлашни ўрганмоқчи бўлганлар шахсий лойиҳа ёки шахсий портфолио сайтларини яратиб, ё бўлмаса энг оддий ўйинларни дастурлаш орқали синаб кўришлари мумкин.
Америкадаги йирик компанияларига «CEO»лари ҳинд миллатига мансуб
Дастурлаш ҳақида сўз борганида, Ҳиндистонни яхши намуна сифатида кўрсатиш мумкин.
Улар соҳага шу қадар катта эътибор қаратдики, ҳозир Америкадаги кўплаб йирик компанияларнинг бошқарувчи директорлари ҳинд миллатига мансуб шахслар.
Бошқа ишчи кучларига ҳам асосан ҳиндлар жалб этилган. Улар тахминан 30-40 фоизни ташкил этади. Ўйлашимча, Ҳиндистон билан қандайдир дастурларда ҳамкорлик қилиш яхши натижа беради.
Дастурлаш мен учун муаммога технология ёрдамида ечим топиш, демакдир
Мен дастурлашни бирор муаммога технология ёрдамида ечим топиш деб тушунаман. Аниқ фанлар эса problem solving skill, яъни муаммога ечим топиш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Дастурлаш соҳаси аввалига жуда мураккаб ва тушунарсиз бўлиб кўринади. Лекин озроқ сабр, интилиш ва, албатта, қизиқиш билан барчасини уддалаш мумкин.
Мавзуга доир:
- Намангандаги Уйғур қишлоғидан Германиядаги Мюнхенгача: Facebook, Uber ва Amazon компанияларига қабул қилиниб, Google’ни танлаган Воҳид Каримов билан суҳбат
- «Бизнесда одамларга эмас, дастурларга ишонган маъқул» — Ўзбекистонда онлайн ва офлайн тадбиркорлик ҳақида
- Аравакаш болакайдан шоколад ишлаб чиқарувчи тадбиркоргача — Саидакмал «Қанд» Ваҳобовнинг бугунгача босиб ўтган йўли, қашшоқлик, бойлик ва бизнеси ҳақида
Изоҳ (0)