Ўзбекистон май бошида россиялик сайёҳларни қизиқтириш бўйича Туркияни ортда қолдирди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
«Tutu.ru» хизмати маълумотларига кўра, россияликлар томонидан сотиб олинган авиачипталарнинг 20 фоизидан ортиғи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Туркия 11% билан иккинчи, Арманистон эса тахминан 10% билан учинчи ўринда.
Аввалроқ Ўзбекистонга турли мамлакатлардан келган туристлар қанча пул сарфлашлари маълум бўлган эди. Масалан,Россия, Украина, Беларусь ва Арманистондан келган туристлар ўртача бир сафар учун 635 долларни сарфлайди.
Марказий осиёликлар анча кам сарфлайди — қозоғистонликлар, тахминан — 158,3 доллар, туркманистонликлар — 104,6 доллар, қирғизистонликлар — 99,3 доллар, тожикистонликлар — 60,4 доллар.
Узоқ хорижлик сайёҳлар бир саёҳатга ўртача 709,4 долларга яқин маблағ сарфлашади.
Аввалроқ Ўзбекистондаги меҳмонхоналарда бўш хоналар сони кескин қисқаргани ҳақида хабар берилган эди.