Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшаш уйида ноқонуний диний таълим берган шахс жазога тортилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Қайд этилишича, 22 февраль куни вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Ёзёвон туманида яшовчи У.Ғ. исмли фуқаро диний таълим бериш учун ҳеч қандай лицензияга эга бўлмай туриб, араб тили грамматикаси бўйича таълим бериш баҳонасида ўз уйида норасмий равишда ҳужра ташкил қилгани аниқланган.
Ушбу шахс 5 нафар фуқарога диний сабоқ бериб келган. Улардан 4 нафари вояга етмаган болалар бўлган.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун жиноят ишлар бўйича Ёзёвон тумани судига юборилган. Суд томонидан ушбу фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ Фарғонада уйида ноқонуний ҳужра ташкил қилган шахслар 10 суткага қамалгани хабар қилинганди. Шунингдек, Сурхондарёда уйида вояга етмаган болаларга диний сабоқ берган эркак жаримага тортилгани, Қашқадарёда 13 нафар вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланган она-бола аниқлангани ҳақида хабар берилган.