Мадриднинг «Реал» клуби Испания чемпионатининг 34-турида «Эспаньол»ни мағлуб этиб (4:0), муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди.
Бу «Реал» учун 1989/90 йилги мавсумдан кейин энг эрта қўлга киритилган чемпионлик бўлди. 32 йил аввал ҳам жамоа мавсум тугашига тўрт тур қолганда масалани ҳал қилганди. Ўшандан кейин мадридликлар 9 марта Ла Лига бош совринига эга чиқди.
«Қаймоқранглилар» Примерада 35 марта чемпионга айланди. Бу орқали Мадрид жамоаси А Сериянинг 34 карра ғолиби «Ювентус»ни ортда қолдириб, топ-5 лигалар клублари орасида энг кўп чемпионликка эришган жамоага айланди.
Карло Анчелотти бошчилигидаги жамоа 34 ўйинда 81 очко тўплади ва энг яқин таъқибчи «Севилья»ни 17 очкога ортда қолдирмоқда. «Реал» кейинги ўйинни 8 май куни «Атлетико»га қарши ўтказади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)