Тортинчоқ поляк қизи
Профессионалликдан ташқари, инсон сифатида ҳам немис халқи қалбидан жой олган аёл Германиянинг Гамбург шаҳрида туғилган бўлса-да, ота-бувалари шажараси полякларга бориб тақалади. Бобоси Людвик Казмерчак Польшанинг ғарбий қисмида жойлашган Познан шаҳрида полициячи бўлиб ишлаган. Биринчи жаҳон уруши вақтида Германия армиясида хизмат қилиб, 1923 йили Берлинга кўчади-ю, эски касбини давом эттиради.
Ҳейделберг ва Ҳамбург университетларида илоҳиётдан таълим олган ва черков ходими бўлган отаси — Хорст ўз фамилиясини Гитлер ҳукумат тепасига келгач, Казмерчакдан Каснерга ўзгартиради. Польшанинг Гданск шаҳрида дунёга келган онаси Герлинда эса уй бекаси бўлгунига қадар мактабда хорижий тилдан дарс беради.
Ангела туғилганидан бир муддат ўтиб, ота-онаси Гамбургдан ГДРга, кейинроқ Темплинга кўчиб ўтишни афзал билади. Болалигидан тиришқоқ ва илмга чанқоқлиги билан уч фарзанддан ажралиб турган Ангела тўкин-сочинликда ўсганига қарамай, ҳеч қандай мактабгача таълим муассасаси ва тайёргарлик курсларига қатнамайди. Аммо бу 1961 йили Темплиндаги политехника ўрта таълим мактабининг биринчи синфига қабул қилинган қизнинг фанларни яхши ўзлаштиришига халал бермайди. Синфдош ва ўқитувчилари уни бироз тортинчоқ, аммо хийла одамшинавандалиги билан эслаб қолишган.Жосусликка таклиф
Математика ва чет тилларига қизиққан Меркель 1973 йили Карл Маркс номидаги ҳозирги Лейпциг университетининг физика факультетига қабул қилиниб,1978 йили аъло баҳолар билан ўқишни тамомлайди. Дастлаб у Илменау номли техника университетига ишга кирмоқчи бўлиб ҳужжатларини топширади. Таассурот уйғотадиган биография, қаторлашиб турган аъло баҳо ва ижобий тавсияномаси бор Ангелани суҳбатга чақиришларига шубҳа йўқ эди, аммо унинг қандай кечиши ўзига ҳам кутилмаган совға бўлади.
Суҳбатга борган Меркелни ГДРнинг хавфсизлик хизмати — Штазининг икки нафар офицери қаршилайди. Нима бўлаётганини тушунолмай каловланган битирувчига офицерлар бирин-кетин, ўта хушмуомалалик билан савол бера бошлайди. Ҳамма маълумотлар стол устидаги жилдда аниқ-тиниқ қайд этилганига қарамай, улар ўша маълумотлар ҳақиқатга қанчалик мослигини текшириб кўрмоқчи бўлади.
Суҳбат орасида ғарб радиосини тинглаши-ю, сўнгги марта ғарбий Германиядан қачон джинси сотиб олгани ҳақида саволлар ҳам берилади. У давлат душмани эмасди — агар шундай бўлганида борми, улар «бошқачароқ» гаплашган бўлишарди. Тўсатдан жосус бўлишга билдирилган таклиф Ангелани гангитиб қўяди. Вазиятни жуда яхши тушуниб, барини ҳалимлик ва дипломатик йўл билан тушунтиришга чоғланади: «Афсуски, сир сақлай олмайман», — деб жавоб беради. Бундай оқилона йўлни танлашига ота-онасининг болалигидан берган маслаҳатлари асқатади. «Ота-онам менга ҳамиша Штази офицерларига гап ичимда турмайди, билмасдан гуллаб қўяман, тилимни тия олмайдиган одатим бор, деб айтишни тавсия қилишарди. Мен яна уларга, буни турмуш ўртоғимдан сир тута олармиканман, билмадим, деганман», деб эслайди Ангела.
Штази ходимларининг ҳафсаласи пир бўлади. Қаршиларидаги молекула, атом ва нейтронлардан иборат оламда параллел яшайдиган содда олима аёлдан наф йўқлигини билиб, миннатдорлик билдирган ҳолда тўғри эшик кўрсатиб юборилади.
Ушбу воқеалардан кейин Берлинга кўчиб ўтган Меркель ГДР фанлар академияси қошидаги физика-кимё институтида ишлай бошлайди. Аввалига назарий кимё бўлимида фаолият юритиб, 1986 йили диссертациясини ҳимоя қилган Меркелга назарий кимёгар Луц Сюллике раҳбарлик қилади. Кейинчалик аналитик кимёга шўнғийди ва Клаус Улбрихт раҳбарлиги остида изланишини давом эттиради.Фандан сиёсатга
Унинг фан билан бирга сиёсат борасида мувозанатни ушлай олгани эътиборга молик. Мактаб ва университет йиллари Эркин немис ёшлари иттифоқига аъзо бўлган Меркель Фанлар академиясидаги фаолияти давомида маданият масалалари бўйича ходим лавозимида ишлайди. 1989 йили «Демократик уйғониш» партиясига қўшилиши унинг сиёсий карьерасида муҳим рол ўйнайди. Аввалига маъмур, кейинчалик партия раиси Вольфганг Шнурнинг штатида котиба бўлади. Партия 1990 йили Христиан-демократик иттифоқ таркибига қўшилади. Шундан сўнг у мансаб пиллапоялари бўйлаб дадил кўтарилиб боради.Ҳелмут Колнинг ишончига сазовор бўлган Ангела Меркель 1994 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш федерал вазири, 1998 йилда ХСИнинг бош котиби, 2000 йили партия ва Бундестагдаги парламент гуруҳи раиси лавозимларида ишлашдан ташқари ёшлар ва аёллар ишлари бўйича вазир бўлишнинг ҳам уддасидан чиқади. Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш вазирлигида фаолият юритгани эса сиёсий аренада кўзга кўринишига сабаб бўлди.
Аммо Кол катта маблағни олганини яширгани билан боғлиқ машмашаларга аралашиб қолганидан кейин Ангела уни кескин танқид қилади. Айнан мана шу тутган йўли уни ҳокимиятга яқинлаштиради. 2000 йил апрелда ХСИъга раҳбар бўлади. Унда канцлер бўлиш истаги айнан ўша вақтлардаёқ пайдо бўлган, аммо қўллаб-қувватлашнинг етишмаслиги сабаб сайловга номзодини қўйиш фикридан қайтади. 2005 йили эса у Германиянинг илк канцлер аёлига айланади.Кир ювиш машинаси ва фамилия
2004 йилда «Штерн» журналига берган интервьюсида: «Инсонлар ҳаётимнинг 35 йили ҳақида деярли ҳеч нима билмайди», — деган Ангела биринчи турмуш ўртоғи билан 1974 йили талабаларнинг алмашинув дастури асосида ташкил қилинган учрашувлардан бирида танишади. Ҳали бир-бирини етарлича таниб улгурмаган, аммо ҳис-туйғулар таъсирида ҳаётини бир умрга боғлашга қарор қилган ёшларнинг никоҳ маросими 1977 йил 3 сентябрда Темплин черковида бўлиб ўтади.
Турмуши давомида фарзанд кўрмаган жуфтликнинг 5 йиллик муносабатлари ҳавас қилгудек эмасди. Вақт ўтиб, бу турмуш хато бўлганини таъкидлаган Ангела ўша вақт шундай қилиш керак бўлгани учунгина оила қурганини маълум қилган. Иккиси ҳам шу қадар кўп ишлаганидан суҳбатлашишга ҳам фурсат топилмас, Улрихнинг уйда кам кўриниши, келганида ҳам гаплари-гапига қовушмаслиги муносабатларга сув пуркайверади. Талабалик вақти хориждаги конференцияларга бир-бирисиз кетолмай, иложи борича вақтини бирга ўтказган жуфтликнинг муносабатларига Берлинга кўчиб ўтганидан кейин нимадир таъсир этгандек эди.
Уруш, бақир-чақир, ҳақоратдан асар ҳам йўқ — шунчаки орадаги бўшлиқ ва узоқлашиш ҳисси тобора кенгайиб, уларнинг ҳар иккиси ҳам бегоналашиб борарди. Пайсалга солинган узоқлашиш 1981 йилнинг қиш тонгида юз берган «портлаш» билан ниҳоясига етади. Улрих бу ҳақида шундай эслайди:
У бир куни тўсатдан нарсаларини йиғиштирганча иккимиз яшайдиган квартирадан чиқиб кетди. У юз бериши мумкин барча оқибатларни чамалаб, ижобий ва салбий томонларни таҳлил қилиб кўрганди. Биз дўстона айрилдик. Молиявий нуқтаи назардан иккимиз ҳам мустақил эдик. Бўлишадиган нарсамиз ҳам йўқ эди. У кир ювиш машинасини олиб кетди, мен эса мебелни олиб қолдим. Айтганча, ўша мебелнинг баъзиларидан ҳозир ҳам фойдаланаман.Дарвоқе, Меркель фақат кир ювиш машинасини эмас, эрининг фамилиясини ҳам ўзи билан олиб кетганди. Шугина холос.Ажрашганидан 2 йил ўтиб, иккинчи умр йўлдоши Иоахим Зауэрни учратади. Меркель аввалги қарорини шошқалоқлик деб билгани сабабми бу сафар муносабатларини расмийлаштиришга ошиқмайди. 10 йил ўтибгина — 1998 йили оила қуради. Илм-фан соҳасида рафиқасининг сиёсатдаги фаолиятидан кам хизмат қилмаган Квант кимёси бўйича мутахассис, Гумболд университетининг профессори Зауэр одамовилиги билан ажралиб туради. У бирон марта ҳам рафиқасининг инаугурациясига ташриф буюрмаган. Аммо бу уларнинг ўзаро муносабатларига заррача таъсир қилмайди. Собиқ канцлернинг шахсий ҳаётида уйғунлик ҳукмронлик қилади: жуфтлик ҳамиша бирга нонушта қилади, дам олиш кунлари опера томоша қилгани боришади.
Ҳамма гап оддийликда
У ҳеч қачон оригинал ғоя ва эсда қоларли имижга эга бўлмаган, устига-устак кўзга ташланадиган нотиқ ҳам эмас. Аммо айнан оддий Volkswagen Голф автомобилида юриши, боғига сабзавот экиб, пазандаликни севадиган оддий немис аёли экани билан ҳам у халқнинг қалбидан ўрин олган. Айнан шу сабаб ҳам Германияда уни Мутти («она») деб аташади.
15 йилдан кўпроқ вақт ичида Франция ҳамда Европанинг бошқа мамлакатларида президент ва ҳукумат ўзгарди, АҚШ республикачилардан демократларга ўтди, Европа иттифоқида ағдар-тўнтар воқеалар бўлиб кетди, лекин бу вақт ичида қўлларини қорин соҳасига қўйганча бирлаштириб нутқ сўзлайдиган фрау Меркель худди қоя сингари тик ва мустаҳкам турди. Айнан шу сабаб ғарб матбуоти «бундесканцлерин»нинг нақадар жиддий кучга эга эканига урғу бериш мақсадида уни Меркелатор (Меркель ва терминатор сўзларининг умумлашмаси) деб ҳам атаган.
Ангелада етакчилик қобилияти йўқлиги, унинг жуда ҳам бўш ва кўзга ташланмаслигини таъкидлайдиган баъзи бировлар қаттиқ янглишади. У провокацион баёнот бермаслиги мумкин, аммо доимий равишда дебатларда иштирок этиб, мантиқан, жойида истеҳзо ва етарлича совуққонлик билан жавоб қайтаради.
Деярли 16 йил давомида фаолият юритган Меркель тинчликсевар ва оқилона сиёсат юритадиган лидер сифатида обрў қозонган. Оддийлик ташриф қоғози ҳисобланган собиқ канцлернинг маоши юқори бўлишига қарамай, яшаш борасида шинамликни, маҳсулот борасида эса ўзи харид қилишни хуш кўрган.
У Берлиндаги Ам Купферграбен кўчасидаги 5 қаватли уйда яшайди ва буни ҳамма билади. Атрофи бошқа уйлар билан ўралган, олдидан трамвай доимий равишда ҳаракатланадиган турар жойга у ҳукумат раҳбари бўлишидан аввалроқ кўчиб ўтган ва янги лавозимга эга бўлганидан кейин ҳам ҳашаматга берилмай, ҳаёт тарзини ўзгартирмаган. Майдони 200 квадрат метрни ташкил қиладиган хизмат уйида истиқомат қилган собиқ канцлер Герхард Шредердан фарқли равишда унинг турар жойини ўзгартирмагани аҳолининг ҳурмат ва ҳайратига сабаб бўлган.Сиёсатда ҳам шахсий ҳаётдагидек — кузатади, таҳлил қилади, кейин қарор чиқаради
2017 йилдаги сайловларда унинг партияси аввалги йилгига нисбатан овозлар сони бўйича рекорд даражада паст кўрсаткич қайд қилганидан сўнг, сиёсатчи ХДС раислигидан кетиши ва бошқа канцлерликка номзодини қўймаслигини маълум қилган. Шу билан бирга у муддати тугагунигача ушбу мақомда қолишга қарор қилган ва Германиянинг аксарият аҳолиси бу қарорни қўллаб-қувватлаган.
Фаолияти давомида у бошқарув курсини ҳарбий можароларни ҳал қилишга қаратган, аммо халқаро экспертлар уни бу масалада ҳар доим ҳам тўғри йўл тутмасликда айблаган. Гап шундаки, бир эмас бир неча маротаба бундесвер — Германия армиясини етарлича молиялаштирмасликда қораланган Меркель ҳар сафар буни ҳал қилишга ваъда берса-да, ажратилган сумма НАТОнинг бошқа мамлакатлари ажратган маблағдан кам бўлаверган.
Яна бир мураккаб масала — 2015 йили авж олган Европадаги миграцион инқироз эди. Ўша вақтдаги оммавий иммиграция мамлакатда назоратдан чиққан эди. Бир неча ҳафта кетма-кет қочоқлар Европа иттифоқи чегаралари томон қуйилиб кела бошлайди. Сурия ва Ливиядаги урушдан қочган фуқароларнинг аксарияти Германиядан нажот топишга интилади. Германия матбуоти қўл қовуштирмай ўтиришга чақирар, бошқа мамлакатлар эса чегарани ёпишни мақбул ечим деб билганди. Телеканаллар эса Венгрия ва бошқа жанубий Европа мамлакатларига киришга уринаётган оилаларни савалаётган полициячи акс этган сюжет билан тўлиб тошган эди.
Германиягача етиб келолганларга қочоқ сифатида рўйхатдан ўтиш, аксариятига эса қолишга рухсат берилганди. Бундан хавотирга тушган аҳоли Германиянинг шарқий ҳудудларида намойиш қила бошлайди. Вазиятдан норози фақатгина оддий аҳоли эмас эди. Ҳатто канцлернинг сиёсатдаги дўстлари ҳам «Нима учун фрау Меркель лом-лим демаяпти? Ўш вақт унинг ўзи аслида қаерда эди?», — деган саволларни бера бошлайди.
Сал аввалроқ Греция билан иқтисодий ёрдам билан боғлиқ музокара олиб бориб чарчаган Меркель эса баёнот беришга шошилмасди. Афтидан, ўша вақтда ҳам худди бир вақтлар Берлиндаги квартирасида тутган йўлидек: кузатиш, таҳлил қилиш, оқибатларни чамалаш усулидан фойдаланган. ОАВ ва сайловчилар бундан мамнун эмас, канцлернинг рейтинги эса тобора тушиб борарди. Гўё узоқ вақт ҳукмронлик қилиш фожиа билан тугашига ишорадек. Сиёсий якуннинг шамоллари эсарди гўё. Симптоматик тарзда 2015 йил Германияда йил сўзи zu merkeln — «ҳеч нима қилмаслик, ҳаракатсизликнинг энг олий даражаси» феъли бўлади.
Орадан бир ой ўтиб қочоқларга бошпана бериш тўғри қарор экан, юз минглаб ёшни мамлакатга киритиш молиявий томондан фойда келтиришини ҳам таъкидлайди. Гап шундаки, у вақтда Германия узоқ муддатли пенсия инқирози билан юзлашган, мамлакатдаги кекса фуқароларга нафақа тўлаш учун ёшлар жуда кам эди. Иммиграция жиддий муаммоларни келтириб чиқарса-да буни муҳим деб топишни ҳеч ким кутмаган, Меркель бўлса ҳеч кимнинг хаёлига келмаган қарор қабул қилганди.
«Германия қочоқларни интеграллаштириши мумкинми?», деган саволга Меркель: «Буни уддалаймиз!» деб жавоб берган. Афсуски, унинг бу қарори қўллаб-қувватланмай, ҳамма — ҳамкасбларидан тортиб яқинларигача танқид қилган. Худди 1981 йилдаги шахсий ҳаёти билан боғлиқ ҳолат қайта такрорланаётгандек. Ўшанда ҳам яқинлари, оила аъзолари унинг ажрашиш билан боғлиқ қарорини аҳмоқлик деб билишган, аммо бу Меркелни фикридан қайтара олмаганди.
Атом энергетикасидан воз кечгани, Германия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар илиқлашиши, ҳарбий хизматнинг бекор қилиниши (армия шартномаларга ўтган ва аскарлар сони қисқарган) канцлер ҳукуматининг энг эсда қоларли ислоҳотлар ҳисобланади. Уни шунингдек, Россия билан муносабатлар ҳам безовта қилган. У Қрим, Донбассга бўлган муносабати сабаб Путиннинг сиёсатини танқид қилиб, санкциялар жорий қилишни афзал билган.«Кечки шафақ»
2021 йили Меркелнинг канцлерлик муддати тугайди. 2 декабрь куни хонимни кузатиш мақсадида «Кечки шафақ» тантанали маросими ташкиллаштирилади. Бундесвер оркестри бир нечта композиция, хусусан, Ангеланинг севимли қўшиғи ҳам қўйиб эшиттирилади. Ҳар қандай вазиятдан чиқиш йўлини биладиган канцлернинг муваффақият сири нимадалигини аниқ айтишда иккиланганлар алал-оқибат ундаги «козир» — кўзга ташланмаслик ва харизманинг йўқлиги деган қарорга келган.
ГДРнинг фанлар академиясида, флакон ва шишалар билан тўлиб тошган лабораторияда кимё билан шуғулланмоқчи бўлган, аммо тақдир тақозоси билан сиёсатда илм-фандагидан кам ютуққа эришмаган Ангела ҳамма сиёсатчилар ҳам пул дардида эмаслиги, мавқе ва молиявий ўсиш оддийликни ўзгартира олмаслиги, энг асосийси, аёл киши ҳам халқнинг ҳурматига сазовор бўлиб, принцип ва қоидаларига эга ҳолда мамлакатни бошқариши мумкинлигига яққол исбот.
Изоҳ (0)