Одатда ўз мутахассиси томонидан бажарилган ишнинг натижаси ўша жойдаёқ кўринарли бўлади. Масалан, шифокор беморни тузатади, тикувчи кўйлак тикади, уста – бино барпо этади. Илм-фан вакилларининг изланишлари-чи?
Мураккаблигини била туриб жамият тараққиётида муҳимлиги учун вазифани бажаришга, ўрганишга киришган Азиза Юсупова илмий иши юзасидан Италия, Япония ва Швейцария давлатларида бўлган.
Ҳозирда Швейцариянинг Басел университетида Математик ва ҳисоблаш неврологияси бўйича докторантурада илмий ишлар олиб бораётган Азиза хорижга қандай кетгани, илмий ишининг муҳимлиги ва аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида «Дарё» билан суҳбатда бўлди.
1994 йилда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида туғилганман. Ёшлигимдан математикага қизиқардим. Мактабда ўқиб юрган вақтларимда математикадан фан олимпиадаларининг шаҳар ва вилоят босқичларида биринчиликни қўлга киритардим.
50 фоизлик грант билан Кореяга кетиб, илмий ишим учун тўлиқ грантни қўлга киритганман
Аввалдан хориж университетларида ўқишни орзу қилардим. Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетини тамомлайдиган йилим IELTS сертификатига имтиҳон топширгач, интернетдан чет эл университетлари ўргана бошлаганман. Улардан ҳужжат топшириш муддати тугамаган ва билим бериш сифати баландроқ бўлганларига топшириб, Кореянинг Кюнгпок миллий университетига кирганман.Аввалига, ўқишга 50 фоизлик грант асосида қабул қилинганман. Кейинроқ квант физикаси ва бошқа асосий фанларни А+ даражада (99-100 фоиз ўзлаштирилганини белгиловчи даража) тамомлаганим натижасида илмий ишим учун тўлиқ грантни қўлга киритганман.
Ўзбекистонга қайтишимга ота-онам сабаб бўлган
Университетни тамомлаб, PhD’га топширишга улгурмасимдан ота-онам ватанга қайтишимни сўрашган. Ўйлашимча, бунинг сабаби барчамизга маълум бўлган «ўзбекчилик» бўлганди.Кейин Ўзбекистондаги Турин политехника университетида математика фанидан дарс бердим. У ердаги ўқитувчи-профессорлар жамоаси жуда яхши эди. Улар мени имкон қадар қўллаб-қувватлаган. Бироқ ўша пайтда илмий иш қилишим учун йўналишим бўйича илмий раҳбар топилмаган.
Шу сабабли илмий ишимни давом эттириш учун Европага қайтишга қарор қилганман. Вазиятни тушунган ота-онам ҳам охири рози бўлишган.
Кореядан Швейцариягача — барчасига грант асосида борганман
Ҳозиргача ўқиш ва илмий иш олиб борган давлатларимга — Корея, Италия, Япония ва бошқаларга ўзимнинг танловим билан борганман.Барчасига бориш йўлларини ўзим излаганман. Интернетдан ёки университетларнинг ўзидан грантлар қидирганман. Топган грантларим менинг қизиқишларимга мос келганида ҳужжат топширганман.
Иккинчи томон шу кунгача ўрганишларимни кўриб чиқиб, мос келсам, менга грант ажратган.
Масалан, Япония, Кореядаги Жею оролида бўлган конференция ҳамда 2018 йил Италияда бўлиб ўтган Summer school’нинг ҳам барча харажатлари ташкилотчилар томонидан қопланган.
Изланишларни турли давлатларда малакали мутахассислар билан олиб борганман. Лекин энг яхши ўрганиш ва натижалар фалон шаҳарда бўлган, деб айтишим бироз мураккаб. Ҳозирги даражамда уларнинг ҳар бирининг ўрни беқиёс.
Масалан, Кореяда ўқиганимда шароитлар жуда яхши бўлган. Лабораторияда суперкомпьютерлар бор эди. Биз қиладиган симуляцияларни амалга оширишимиз учун тўлиқ имкониятлар берилганди. Профессор томонидан эса шу илмий ишимни қўллаб-қувватлаш мақсадида грантлар ажратилган.
Яъни мен ишлашим ёки бошқа вазифалар билан шуғулланишим шарт бўлмаган. Бор эътиборимни бемалол фақат шу илмий ишимга қарата олганман. Шу шароитлар даврида қилган илмий ишларим PhD’га киришимда асқатган.Италиянинг бир йиллик Postgraduate diploma’сида йигирмадан ортиқ фанлар ўтилган. Улар статистик физика ва унинг элементларидан фойдаланиб, математик моделлаштиришни ўрганишга бағишланган фанлар бўлган.
Мен аввал физика эмас математика фанини чуқурроқ ўқиганим учун бу ерда кўп билмаганларимни ўрганганман. Ҳозир PhD’да айнан бир йил муддатда олган билимларим жуда қўл келади.
Ёки Кореяни айтайлик. У ерда кодлаш ва дастурлашни ўрганиб, у кўникмаларимдан ҳалигача илмий ишимда фойдаланаман.
Яъни мен бугунгача бўлган ҳар бир таълим масканим — менинг ҳозирги даражамда ўта муҳим рол ўйнаб, илмий ишларимга пойдевор бўлган.
Швейцариядаги илмий ишимнинг мавзусига Италияда ёзган кичик тезисим қизиқиш уйғотган
Ҳозир Швейцариянинг Басел университетида Математика ва ҳисоблаш неврологияси бўйича докторантурада илмий ишлар олиб боряпман.Диссертациямнинг асосий мавзуси — миянинг ўрганиш методлари ва мия тахминан қандай қилиб маълумотларни ўрганиб олишининг математик моделларини тузишдан иборат. Мия сингари оптималга яқинроқ моделлар яратиш ҳам диссертацияни ўрганиш доирасига киритилган.
Италияда ўқиётган вақтимда миядаги ўрганиш механизмлари ҳақида бир кичик тезис ёзганман.
Унга шу қадар қизиққаним — илмий ишимни шу мавзуда олиб боришимга сабаб бўлган. Мавзуни чуқурроқ ўрганиш мақсадида Швейцариядаги шу лойиҳага топширганман.Ҳозирда менга бириктирилган профессор билан шу мавзу бўйича биргаликда ўрганишлар олиб бормоқдамиз.
Илмий иш мавзуси бўйича профессор ҳар хил йўналишлар берган. Улар орасидан ўзим учун қизиқ бўлганини танлаб, қолган деталларига қўшимчалар киритганман. Ҳозирги ўрганаётган мавзуйим ўзим учун жуда қизиқ.
Илмий ишимда ўрганилаётган мавзу — ақлли машиналар яратилиши учун кенг йўл очади
Ҳисоблаш неврологияси асосий мия тадқиқотлари, шунингдек, психиатрия назариясини ривожлантиришга хизмат қилади.Инсон миясини тушуниш ва қандай механизмлар асосида ишлашини билиш орқали ақлли машиналарни мақсадли яратиш учун йўл очилади.
Ҳаётимиз шунчалик қулайки, овқатларни ҳам уйимизга олиб келтиришимиз мумкин. Кийим-кечак, идиш-товоқларни ҳам машиналар ювади. Шу каби турли техникалар инсон ҳаётига кириб келган-у, лекин инсон миясининг ўзи ҳали-ҳануз тўлиқ ўрганилмаган.Инсон вафот этганидан кейин унинг мияси нофаол ҳолатга келгач, очиб кўриш мумкин. Лекин у маълумотлар ҳам миянинг функционал ишлаши ҳақида ҳеч нарса айтиб беролмайди.Аслида миядаги ионлар алмашинуви туфайли маълумотлар бир ердан бошқа ерга етказилади. Бу оддийдек туюлади.
Лекин қандай қилиб мия жуда катта маълумотларни етказиш вазифасини жуда катта тезлик билан ҳал қилади, мураккаб мисоллар ишлайди ёки мускулларимизни ҳаракатга келтиради, деган саволлар жавоби ҳалигача сирли маълумотлигича қолганди.
Жуда қиммат микроскоплар ва мутахассислар етишмовчилиги сабабли мавзуни ўрганиш бутун дунё учун муаммоли масала
Ҳозирги кунда тажриба электрон микроскоплари келтирилган. Улар кашф этилгач, баъзи давлатларда невротаълимот ўрганила бошланган.Бироқ мия нейронлари жуда нозик ва кўп бўлгани учун уни амалиётда синовчи мутахассислар етарли эмас, бажариш ҳам мураккаб жараён.
Охирги 100 йил ичида шу каби ишлар амалга оширилган. Лекин улар билан дунёнинг жуда кам мамлакатлари шуғулланади. Бунинг бир сабаби — мияни ўрганувчи микроскоплар жуда қимматлиги, давлат соҳани ўрганиш учун етарли маблағ ажратолмаслиги бўлса, кейингиси — мутахассислар камлигидир.
Шунчаки ёниб-ўчувчи нейронлар ҳеч қандай маълумотни англатмайди
Мияни микроскопда кўриш ҳам амалга оширилиб, ундаги маълумотлар олинди, дейлик. Уни энди биз тушунадиган «тил»га ўтказиш зарур, чунки микроскопдан қаралганда нейронлар шунчаки ёниб ўчади.Нейронларнинг чапдан ўнгга ёки аксинча активацияси ҳеч қандай маълумот бермайди. Ҳаракатларни ўрганишда эса ҳисоблаш ва математик невротаълимотлар зарур бўлади. Тажрибадан олинган даталарни одам, олим тушунадиган тилга ўтказиш ва моделлаштиришни ташкиллаштириш вазифалари бажарилиши керак.
Ҳисоблаш неврологияси эса мияни математик моделларини тузиш ва мия қандай қилиб маълумотлар билан ишлаётганини тушунишга ёрдам беради.
Чет элга саёҳат қилиш билан у ерда яшаш кескин фарқ қилади
Чет эл ҳаёти яхши. Лекин кўпчиликнинг чет элдаги ҳаёт кинолардагидек чиройли, деб ўйлаши ҳақиқатдан анча йироқ.Хорижга саёҳат қилиш билан у ерда яшашнинг жуда катта фарқи бор. Масалан, сайёҳлар учун Ўзбекистон ҳам ранг-баранг ва қизиқ макон.Хорижда агар яхши ўқимасангиз, ишингизни аъло даражада бажармасангиз, икковида ҳам огоҳлантириш ёки бошқа жиддий чоралар кўрилади, чунки сизнинг ўрнингизни эгалламоқчи бўлган мутахассислар жуда кўп. Шундай экан, ишини қойиллатмайдиганлар билан жойлар банд қилинмайди.
Чет эл ҳаётининг энг ёқимли тарафи — турли хил одамлар мавжудлиги ва улар билан мулоқот қилишдир.
Масалан, Базел шаҳрида ҳар хил давлатлардан келган турли миллат вакиллари жуда кўп — улар билан суҳбатда бўлиб, миллати, давлати ва маданияти ҳақида жуда кўп маълумотларни олиб, дунё кенглигини, биздан бошқача бўлган одамлар ҳам борлигини тушунади, ҳис қилади киши.Буни бошқа ҳеч нарса билан таққослаб, солиштириб бўлмайди. Бу кўникмаларни, ҳисларни ҳеч нарсага алишмаган бўлардим.
Бундан ташқари, турли мамлакатлар ошхонаси билан танишиш ҳам мен учун жуда қизиқ. Масалан, Ўзбекистонда ҳинд таомларига бориш — ноодатий ҳол. Хитой таомлари ҳам энди урфга айланмоқда.
Асосан, уйғур, турк ошхонасига оид таомлар истеъмол қилинади. Хорижда эса исталган мамлакат ошхонаси билан танишиш имкони юқори бўлгани учун барчасини татиб кўриш мумкин бўлган.
Ёқмайдиган тарафи — яқинларимдан узоқдалигим. Яна Швейцариянинг об-ҳавосига мослашиш ҳам қийин бўляпти.
Бир йилда деярли олти ой булутли об-ҳаво кузатилади. У эса инсонларда тушкун кайфият уйғотади. Баъзан ўйлаб қоламан, қачондир шаҳарнинг иқлимига мослашармикинман ёки йўқ, деб.
Илм-фан қаерга етакласа, ўша жойга боришга тайёрман. Мақсад — кўп пул топиш бўлганда бу йўлни танламасдим
Маош масаласига келсак, илмий иш қилаётган мутахассисга асосийси ойлик эмас, ўрганишида эришилаётган натижалар саналади. Маош эса фақат яшаб туриш учунгина зарур.Бошқа тарафдан ҳозирча мен учун маблағ муҳим масала эмас. Агар мақсад бойиш, кўп пул топиш бўлганида бу йўлни танламаган бўлардим.Келажакдаги мақсадларим — яхши илмий ишлар қилиб, илм-фан ва инсониятга фойда келтирадиган кашфиётлар қилиш. Аниқ фалон давлатда келажагимни кўряпман ёки Швейцарияда бутун умр қолмоқчиман, деёлмайман.
Барчаси илм ва қизиқишларимга боғлиқ. Қанча давлатда бўлган бўлсам, ҳеч бирига ҳаёт яхши, ойлик кўп ёки табиати гўзал бўлгани учун эмас, илм-фан деб борганман.
Келажакда, балки, бошқа шаҳарга кўчиб ҳам ўтарман. Агар шундай қилсам, бу қарор илмий ишларим келажаги учун қилинган бўлади. Илм-фан мени қаерга етакласа, ўша ерга кетишга, ўрганишдан тўхтамасликка тайёрман.
Мақсадларга етишда биргина «йўқ» жавоби тўсқинлик қилмаслиги керак
Илк бор хорижга ўқишга кетаётганимда уйдагиларни кўндириш осон бўлмаган. Шунчаки самолётга чипта сотиб олиб, яхши бориб кел, деб кузатишмаган, албатта. Розиликларини олиш машаққатли бўлганди.Лекин мана ҳозир ўзим хоҳлаган ишлар билан бандман. Ўзим хоҳлаган келажакка қисман эришмоқдаман.
Айтмоқчиманки, агар аёл-қиз юртдошларимиз жамиятда ўз ўрнини топиш, тегишли соҳа ёки илм-фан тараққиёти учун фойдали шахс бўлишни мақсад қилган бўлсалар-у, оиланинг ўзида ички тўсиқлар бўлса, биргина «Йўқ, қиз болага тўғри келмайди!» деган жавоблари билан чекланмаслик, тўхтаб қолмаслик керак.
Орзу учун чексиз курашиш керак. Ҳаракатларингиз, билимга интилишингизни кўрган ота-онангиз ҳам ёрқин келажагингиз учун охири, албатта, рухсат беради.Тан олиш керак, хорижий давлатларда билим бериш сифати анча юқори — у ердаги таълим муассасасидан керакли ва етарли кўникмаларга эга мутахассислар етишиб чиқади.Ҳар бир ота-она фарзандининг малакали мутахассис бўлишини хоҳлайди. Фақат уни ҳаракатлар билан исботлаш, ишончни эса оқлаш зарур.
Кимнингдир онаси, опа-синглиси ёки аёли бўлиш — full time job эмас
Жамиятда аёллар ўзининг «мен»ига эга бўлишларини, алоҳида индивидуал шахс сифатида кўрилишларини хоҳлайман. Аёлларга фақатгина кимнингдир кимдири деб эмас, ўзларининг номи билан мурожаат қилишлари керак.
Кимнингдир онаси, опа-синглиси ёки аёли бўлиш — full time job, яъни кун давомида бажариладиган «касби» бўлолмаслигини барчамиз тушунишимиз керак. Биз аёллар оиладаги вазифаларимиздан ташқари жамиятда ҳам керакли касб мутахассиси бўла олишимизни билдиришимиз, ишонтиришимиз керак.
Изоҳ (0)