Жаҳон мамлакатлари демократияси индексининг 2021 йил якунлари бўйича эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон 150-ўринни эгаллаган. Бу ҳақда 14 апрель куни Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева маълум қилди, деб хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, 2021 йилда эълон қилинган мамлакатимиз учун устувор бўлган жами 19 та халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни акс этиб, 11 тасида Ўзбекистон ўз позициясини яхшилаган.
Хусусан, Суверен кредит рейтингларида ижобий тенденциялар кузатилиб, S&P халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон кредит рейтингини «салбий»дан «барқарор»га, Moody’s агентлиги эса «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирган.
Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон 2021 йилда 7 поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллаган ва энг тез юқорилаган мамлакатлар ўнталигига кирган.
Transparency International халқаро ташкилотининг 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон ўз ўрнини 6 поғона яхшилаб, 180 та давлат ичида 140-ўринни эгаллади. Сўнгги беш йилда эса 17 поғона юқорилаган. Ҳисоботда Ўзбекистон Марказий Осиёда ўрнак бўлаётганлиги ва сўнгги 5 йилда энг барқарор ўсиш кўрсаткичига эришган жаҳондаги 6 та давлатдан бирига айлангани алоҳида таъкидланган.
«Шунингдек, Жаҳон мамлакатлари демократияси индексининг 2021 йил якунлари бўйича эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон ўз позициясини 5 поғонага яхшилаб, 150-ўринни эгаллаган. Жаҳон банки томонидан юритиладиган Бошқарув сифати индикаторларининг иккитасида мамлакатимизнинг ўрни яхшиланган бўлса, иккитасида пасайган. Масалан, Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик ҳамда Ҳуқуқ устуворлиги индикаторларида мамлакатимиз ўз позициясини яхшилай олмаган», — дейди Танзила Норбоева.
Изоҳ (0)