Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида фуқарога уй, машина олиб беришни ваъда қилган сохта ДХХ ходими ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, фуқаро Ғ.М. Бойсун тумани «Кўчкок» маҳалласида яшовчи Ф.Р.га ўзини Давлат хавфсизлиги хизматида ишлашини ва танишлари орқали Тошкент шаҳридаги Tashkent City даҳасида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини олиб беришини айтган. Бунинг учун у Ф.Р.дан 22 февраль куни 700 доллар олган. Ҳеч қанча вақт ўтмай, Ғ.М. машина ҳам олиб беришини айтиб, 7 март куни 400 доллар олган.
Пуллар ҳам, уй ва машинадан ҳам дарак бўлавермагач, Ф.Р. вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У Ғ.М. ҳозирги кунга қадар ушбу пулларни қайтариб бермаётганини, уйни номига расмийлаштириб бериш учун эса яна 1500 доллар миқдорида пул беришини сўраётганини билдирган. Фуқаро унга нисбатан қонуний чора кўришни ва етказилган зарарни ундириб беришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, 31 март куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида соат 23:30 ларда фуқаро Ғ.М. Сариосиё тумани «Регистон» ошхонасида ариза муаллифи Ф.Р.дан талаб қилинган 1500 доллар миқдоридаги кимёвий ишлов берилган пулларни санаб олган вақтида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Ғ.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
- Facebook’да ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, фуқарони 11 минг долларга чув туширган шахс 5 ярим йилга қамалди
- Бухорода ҳокимликнинг сохта ходими фуқарога бепул уй олиб бериш учун 2 минг доллар олгани аниқланди
- Андижонда ўзини Испания банки вакили дея таништириб, 200 минг доллар кредит олиб бериш учун пул талаб қилган шахс ушланди