Тошкент вилояти Пискент туманида ижарага берилган ерни сотаётган фермер хўжалиги раҳбари ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ИИББ Коррупцияга ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, ер ресурсларини талон-торож қилинишига қарши кураш бўлинмаси ҳамда Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Нурафшон шаҳрида навбатдаги назорат-рейд тадбири ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро Э.Қ. (фермер хўжалиги раҳбари) Пискент тумани ҳокимлиги томонидан ижарага берилган «Ўзбекистон» массивидаги 6 гектар ер майдонини ҳужжатлаштириб беришни 53 минг долларига келишгани аниқланган. У аризачидан бошланғич бадал сифатида талаб қилган 5 минг 300 долларнинг 5 минг долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
Маълум бўлишича, туман «Ўзбекистон» массивидаги 24 гектар ер майдони фуқарога фермер хўжалиги билан шуғулланиш учун 50 йилга ижарага берилган бўлган.
Ҳолат юзасидан фуқаро Э.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-211-моддалари (пора бериш) билан жиноят ишини қўзғатилган.