Бухорода мутасаддилар эътиборсизлиги оқибатида айрим мадрасалар ҳужраларидан омборхона сифатида фойдаланиб келингани аниқланди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳолатни кескин қоралади. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокими ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраев хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокими мутасаддилар ҳамроҳлигида Лаби ҳовуз ансамблининг шарқий қисмида жойлашган Нодир Девонбеги ҳамда Кўкалдош мадрасалари ҳолатини кўздан кечирган.
«Тарихий ёдгорликларнинг қаровсизлик оқибатида нураб бораётгани кишини ташвишлантиради. Дастлаб карвонсарой сифатида қурилган ва кейинчалик мадрасага айлантирилган обидалардан масжид, дарсхона сифатида фойдаланиб келинган. Нодир Девонбеги тўртта дарсхона ҳамда 28 та ҳужрадан иборат экан. Афсуски, мадрасадаги ҳужралар омборхона вазифасини ўтамоқда. Улар таъмирталаб, ўта абгор аҳволда», — деган Ботир Зарипов.
Совет ҳокимияти йилларида ислом динига қарши кураш авж олгач, Кўкалдош ва Нодир Девонбеги мадрасаларида таълим бериш тўхтатилган. Ҳозирги кунда эса ҳунармандчилик марказларига айлантирилган. Аксарият ҳужралар маҳаллий ҳунармандларга ажратиб берилган. Ҳунармандлар эса айрим ҳужраларни омборхоналарга айлантириб юборган.
«Хунук манзара, ташландиқ ҳолда ётган ҳужраларни кўрган сайёҳ кўнглидан қандай ўйлар кечади? Улуғ аждодларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига бунёд бўлган ёдгорликларга хўжасизларча муносабатда бўлиб келишган. Ҳеч бўлмаса бино ичи ва атрофини тозалаб, сақлаб турса бўлади-ку»? — деган Ботир Зарипов масъулларга қарата.
Ҳоким шунингдек, тарихий обидалар ҳолатига масъулиятсизлик билан қараган Бухоро шаҳри ҳокими Жамол Носиров, маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов ҳамда бир қатор вилоят масъулларини қаттиқ огоҳлантирган. Уларга бир ҳафта муддат бериб, Бухоро шаҳридаги ҳар битта масжид ва мадрасани, маданий мерос объектларини ўрганиш ва ободонлаштириш лозимлигини топширган.
Қўшимча қилинишича, Бухорода тарихий обидалар ҳамда маданий мерос объектлари 829 тани ташкил этади.