Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг тиббиёт ходимлари билан бўлган мулоқотида сўнгги икки йилда вилоятда тиббиёт ходимларини ишга олишда 28 та ҳолатда тамагирликка йўл қўйилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Ботир Зариповнинг сўзига кўра, вилоятда сўнгги беш йилда 350 миллиард сўм ҳисобидан 119 та тиббиёт муассасаси янги қурилган ва таъмирланган. Шунингдек, ушбу биноларга 226 миллиард сўм эвазига 6600 та замонавий тиббий техника ва асбоб-ускуналар олиб келинган.
«Шунча шароит, имконият яратилаётганига қарамай, афсуски, вазият мақтанадиган даражада эмас. Тиббиёт ходимлари томонидан тамагирликка йўл қўйиш ҳолатлари, ишга қабул қилиш тартиби каби масалаларда порахўрликларнинг авж олаётгани оғриқли нуқтага айланмоқда. Соҳада замонавий информацион технологиялар масаласида ҳам жиддий силжиш кузатилмаяпти. Электрон поликлиника, электрон тиббий карта, электрон касаллик тарихи, шифокор қабулига электрон навбатга ёзилиш ва шу каби бошқа замонавий информацион технологияларнинг тизимда тўла жорий этилмаслиги коррупциянинг авж олишига замин яратмоқда», — деди Ботир Зарипов.
Вилоят раҳбарининг маълум қилишича, тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан 2020 йилда тамагирлик йўли билан ишга жойлаштириш билан боғлиқ 12 та, 2021 йилда эса 16 та жиноят содир этилган. Бўш иш ўринларини яшириш билан боғлиқ жараёнда эса 33 маротаба қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, айбдор мансабдорларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилган. Тиббиёт ходимлари ўртасида носоғлом муҳитнинг пайдо бўлаётгани беморларнинг сарсон бўлишига ёки уларга нисбатан тамагирлик содир этилишига сабаб бўлган.
Қўшимча қилинишича, вилоятдаги тиббиёт муассасаларида 40 613 нафар ходим фаолият юритмоқда. Ҳудудда шифокорларга бўлган эҳтиёж 301 штат бирлигини ташкил қилади.