Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Литва Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Россия газидан тўлиқ воз кечди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазирлигига таяниб, Delfi хабар берди.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Вазирликнинг қайд этишича, Литва газ транспорти тизими 1 апрелдан бошлаб Россия газини импорт қилмаяпти. Литвада барча эҳтиёжлар Клайпеда суюлтирилган табиий газ терминали ҳисобидан қондирилади.

«Бу узоқ муддатли изчил энергетика сиёсати ва инфратузилма бўйича ўз вақтида қабул қилинган қарорлар натижасидир», — дея изоҳ берди энергетика вазири Дайнюс Крейвис.

Украинада уруш бошланганидан кейин Европада Россия газидан воз кечиш фаол муҳокама қилина бошлади. Март ойи охирида «Катта еттилик» давлатлари Россия энергетика ресурсларини сотиб олишни тўхтатишга тайёрлигини эълон қилди ҳамда газ ва нефть ишлаб чиқарувчи бошқа давлатларни «масъулият билан ҳаракат қилиш ва халқаро бозорларга етказиб бериш ҳажмини ошириш»га чақирди. G7 шунингдек, Россия ёнилғисига қарамликни камайтиришни истаган бошқа мамлакатларни ҳам қўллаб-қувватлашини билдирди.

Умуман олганда, Европа табиий газнинг 40 фоиздан ортиғини Россиядан олади. Германия бошқа мамлакатларга қараганда Россия газига кўпроқ қарам бўлиб, мамлакат эҳтиёжларининг 50 фоизини Россия ёнилғиси қондиради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар