Германия Россиянинг «Искандер» ракеталарининг зарбаларидан ҳимояланиш мақсадида АҚШ ёки Исроилдан ракетага қарши мудофаа тизимларини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Бундесвернинг бош инспектори Эберхард Сорннинг маълум қилишича, Калининградга жойлаштирилган «Искандер»лар қарийб бутун Ғарбий Европа ҳудудига етиб бориши мумкин, Германияда эса бу каби зарбадан «ишончли ҳимоя» йўқ.
«Ҳозирча бир нарса аниқ: ракетага қарши мудофаа тизимларини мустақил яратишга вақт ҳам, пул ҳам йўқ, чунки ракета таҳдиди мавжудлиги аллақачон маълум», — дейди у Welt am Sonntag газетасига.
Сорн ҳозирча Германия қайси турдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини олмоқчи эканини айтмаган. Нашрнинг аниқлик киритишича, гап катта эҳтимол билан Исроил томонидан АҚШ билан ҳамкорликда яратилган Arrow-3 мажмуаси ва Американинг ТҲААД тизимлари ҳақида кетмоқда. Февраль ойида, Россия Украинада ҳарбий операцияларни бошлашидан олдин Киев Вашингтондан Харьковга ТҲААДъни жойлаштиришни сўраган эди.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден айтганидек, Қўшма Штатлар Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, танкка қарши қуроллар, ўқ-дорилар, учувчисиз самолётлар ва ўқ-дорилар билан таъминламоқда. Етказиб бериш бир ёки икки кунда бир марта амалга оширилмоқда, деган Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича музокаралар ушбу тизимларнинг жойлашган жойини ошкор қилмаслик учун сир сақланади.
Изоҳ (0)