Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кичик сержантлар Абдурасул Туйғунов ва Абдумалик Абдураҳмонов 2022- йилнинг 17—24 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штати, Camp Shelby ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтган «Энг илғор жангчи-2022» мусобақасида иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашди.
Мусобақа давомида ҳарбий хизматчилар якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага мўлжал олиш, 15 кило юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажарди.
Ҳарбий хизматчилар мусобақа давомида 10 та йўналиш бўйича 20 дан ортиқ шартларни ўзида жамлаган синовлардан муваффақиятли ўтиб, 3 маротаба рекорд натижа қайд этди.
«Мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари юқори интеллектуал салоҳияти, жисмонан чиниққани ҳамда ғалабага бўлган ишончи билан иштирокчилар орасида яққол ажралиб турди ҳамда энг юқори натижаларни кўрсатган ҳолда ғолиб бўлишди», — дейилади хабарда.
Мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 ва 2021 йилларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлишган эди.
Изоҳ (0)