Тошкент шаҳрида жавобгарликдан қочиш учун ўзини ёлғондан давлат хизматчиси, прокурор, адлия маслаҳатчиси каби лавозимларда таништирган шахс ушланди. Бу ҳақда «Марказий студия» информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Бектемир туманида қора рангли Malibu-2 автомашинаси светофорга тўхтамай ҳаракатланган. Қоида бузгани учун йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган. Фуқаро уларга юқори ташкилотда ишлашини айтиб, ўдағайлай бошлаган. Ходимларнинг текшируви натижасида машинанинг олд ён ойналари тегишли рухсатсиз қорайтирилгани, ҳайдовчи машинани ишончномасиз бошқараётгани аниқланган. Фуқаро ЙПХ ходимларига полковник эканини айтиб, хизмат гувоҳномасини кўрсатган ва хизматга шошаётганини айтган. Якунда машина ҳеч қандай ҳужжатсиз ҳайдалгани учун жарима майдонига қўйилган.
Суриштирув ишлари давомида у ўзини Бош прокуратуранинг Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси деб таништирган келгани аниқланган. Унга 2021 йилда июнь ойида Россиядаги У. исмли таниши Ўзбекистон бош прокурори имзоси ва муҳрини сохталаштириб, қалбаки гувоҳнома ясаб берган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «б» ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)