«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду Премьер Лига 29-тури доирасида «Тоттенҳэм»га қарши кечган баҳсда (3:2) ҳет-трик муаллифига айланди.
Роналду клуб ва терма жамоа миқёсидаги расмий голлари сонини 807 тага етказиб олди. Бу футбол тарихидаги энг яхши кўрсаткич. Rec.Sport.Soccer Statistics Foundation (RSSSF) ҳисоб-китобларига кўра, Роналду Йозеф Бицаннинг (805 та гол) рекордини янгилаган.
Таъкидлаш жоиз, Бицан, Пеле ва ўтмишнинг бошқа футболчилари урган голлар сони турли манбаларда турлича берилган. Ишончли манбалар орасида RSSSF’да Бицан кўрсаткичи юқорироқ эди. Аввалроқ бошқа манбалар Роналдуни футбол тарихидаги энг яхши тўпурар сифатида эътироф этганди.
Бу португалиялик футболчи учун фаолиятидаги 59-ҳет-трик бўлди. Айни вақтда фаолиятини давом эттираётган ўйинчилар орасида фақат Месси (55) унга яқин бормоқда.
Шунингдек, Роналду (37 ёш-у 35 кун) АПЛда ҳет-трикка эришган Тедди Шерингемдан (37 ёш-у 146 кун) кейинги энг ёши катта футболчига айланди.
Роналду Премьер Лига жорий мавсумида 24 та ўйин ўтказиб, 12 та гол ва учта голли узатма муаллифига айланди. Футболчи қаторасига 16 мавсумдан бери чемпионат доирасида 10+ гол урмоқда.
Изоҳ (0)