Покистон бош вазирининг қароргоҳида 3 март куни Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон фахрий қоровул олдидан ўтиб, шоҳсупага кўтарилган. Ўзбекистон ва Покистоннинг давлат мадҳиялари янграган.
Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари ҳам иштирок этган. Шавкат Мирзиёев халқлар дўстлиги, ҳамжиҳатлиги рамзи сифатида қароргоҳ боғига кўчат эккан.
Шундан сўнг икки мамлакат етакчиларининг тор доирадаги музокараси бошланган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 3–4 март кунлари Покистонга ташриф буюриши хабар қилинганди. Кейинроқ давлат раҳбари Покистонга жўнаб кетгани ва етиб боргани ҳақида хабар берилди.