Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжонов Украина чегарасидан Молдова ҳудудига ўтган фуқароларни эвакуация қилиш ишлари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, Украинанинг Молдова билан чегарадош жойларида яшовчи 200 га яқин ўзбекистонлик бошпана излаб, Молдова ҳудудига ўтган. Мамлакат инсонпарварлик нуқтаи назаридан, фуқаролигидан қатъи назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан Молдовада бўлиб турган ватандошлар масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилган. Молдовада бўлиб турган ўзбекистонликларнинг кейинчалик ватанига эвакуация қилинишини ташкил этиш учун уларнинг рўйхати ва маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.
«Ҳозирги пайтда Польша орқали эвакуация қилишнинг асосий устувор эканини инобатга олган ҳолда, фуқароларимизни Молдовадан қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, мазкур мамлакат ҳаво ҳудуди авиақатновлар учун ёпиқлигича қолмоқда», — дейилади хабарда.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистон Киевдаги элчихонасини кўчириш масаласини кўриб чиқмаяпти — ТИВ
- Польша орқали эвакуация қилинаётган ўзбекистонликлар 15 мартгача мамлакатни тарк этиши керак — ТИВ расмий вакили
- «Ҳимояланган бункерларда қолиш тавсия этилади». ТИВ Украинанинг айрим шаҳарларидан фуқароларни эвакуация қилиш ҳарбий ҳаракатлар тугагач амалга оширилишини маълум қилди