Аввалроқ тадбиркор Алишер Усмонов Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига тушгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур санкциялар «Металлоинвест» ва тадбиркор билан боғлиқ компанияларга таъсир қилмайди, дейилади USM хабарида. Бу ҳақда «Коммерсантъ» маълум қилди.
«USM холдинги асосчисига қарши қўлланган санкциялар асоссиз ва адолатсиз деб ҳисоблаймиз. Гап USM гуруҳи корхоналарига таъсир этмайдиган шахсий санкциялар ҳақида кетаётганини таъкидлаймиз»,— дейилади компания хабарида.
Матбуот хабарида айтилишича, Алишер Усмонов USM холдинги бош компанияси устав капиталининг 50 фоизидан камроғига эгалик қилади ҳамда гуруҳ корхоналарини ўз назоратига олмайди.
«Шундай қилиб, Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилиши холдинг компаниялари учун ҳеч қандай чекловларни жорий қилмайди», — деб қайд этади USM.
USM металлургия ва тоғ-кон саноати, телекоммуникация ва технологиялар соҳасидаги активларни бошқаради. Гуруҳга, Алишер Усмонов ва унинг ҳамкорлари томонидан ишланган турли лойиҳаларни консолидация қилиш ниятида 2012 йилда асос солинган.
USM активлари қаторига «Металлоинвест», «Удоканская мед», Akkerman Cement ва «МегаФон» компаниялари киради.
USM ва Ўзбекистон
USM Ўзбекистонда турли лойиҳаларда қатнашади. Масалан, Digital Holding — 2021 йилда унинг таркибига Ucell, CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan компаниялари ўтказилган эди.
Бундан ташқари, USM шўъба корхоналари Ўзбекистон банк соҳаси («Капиталбанк») ва цемент ишлаб чиқаришдаги («Оҳангаронцемент») активларга эгалик қилади.
Аввалроқ Германияда Алишер Усмоновнинг 156 метрли яхтаси хатловга олингани ҳақида хабар берилган эди.