Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида ўтказаётган йиғилишда Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ишдан олган амалдорлар ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Беруний туманида 24 фоиз аҳоли тўқ яшайди. Хатловлар натижасига кўра, 71 фоиз берунийликлар қўшимча даромад топишни хоҳлашларини билдирган. Яна беш фоизи эса ижтимоий ҳимояга муҳтож. Бу жуда ҳам катта кўрсаткич. Мана шу сонлар масъулларнинг қанчалик ёмон ишлаганига ишора. Умуман ишламагансизлар, десак ҳам бўлади, — деди президент.Давлат раҳбари Қорақалпоғистоннинг айрим туманлари сектор раҳбарларига Самарқандга ташрифи давомида 10 нафар масъулнинг ишдан олинганини эслаб, жумладан, шундай деди:
Самарқандда айрим ҳоким ва прокурорларни ишдан олдим. Уларнинг кўзларига қарадим, ҳаммаси мудраб ўтирибди, ишламаган. Агар биз мудрасак, инсонларимиз биздан қачон рози бўлади.Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Самарқанд вилояти фаоллари билан учрашувда фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун 10 нафар масъул раҳбарни ишдан олганди. Уларнинг баъзиларига нисбатан тўпланган, шу жумладан, коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноий иш очиш масаласи ўрганиб чиқилиши айтилганди.
Изоҳ (0)