АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россиянинг Донбассдаги ҳарбий операцияларига «ҳамжиҳатликда ва қатъий жавоб қайтаришини» ваъда қилди. Бу ҳақда Америка етакчисининг Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотида сўз боради.
«Бугун бутун дунёнинг дуоси Россия қуролли кучларининг сабабсиз ва асоссиз ҳужумидан азият чекаётган Украина халқи билан. Президент Путин қасддан ҳалокат ва азоб-уқубатларга олиб келадиган урушни танлади. Ушбу ҳужумлар олиб келадиган ўлим ва вайроналар учун фақат Россия жавобгар бўлади, АҚШ, унинг иттифоқчилари ҳамда шериклари ҳамжиҳатликда ва қатъий усулда жавоб қайтаради. Дунё Россияни жавобгарликкар тортади», — дейди Байден.
Яқин вақтлар ичида Байден G7 етакчилари билан учрашув ўтказишга ваъда берган. Шундан сўнг, у Америка халқига мурожаат билан чиқиб, «ҳарбий тажовуз учун Россияга қўйиладиган кейинги оқибатларни эълон қилади».
Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни Донбассда «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Операциядан мақсад «Киев режими томонидан безорилик ва геноцидга учраган» одамларни ҳимоя қилишдир».
Изоҳ (0)